ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Кеча Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз топшириғи билан тузилган Махсус комиссия аъзолари, ҳокимлар ва идоралар раҳбарларининг бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди. Йиғилишда тизимли ёндашув зарурлиги - қабул қилинаётган қарорлар бугун натижа бериши билан бирга, келгусида бундай инқирозларнинг олдини олиши кераклиги таъкидланди. Шахсий назорат доирасида Саида Шавкатовна Қибрай туманига бориб, кунига 150 килограммга яқин кўмир ёқаётган иссиқхоналардан бирини кўздан кечирди. Атроф-муҳит ва фуқаролар соғлиғига тўғридан-тўғри зарар етказадиган бундай амалиётга йўл қўйиб бўлмаслигини, иқтисодий фойда экологияга зарар етказишни оқлай олмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг экологик технологияларга ўтишини қўллаб-қувватлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Текширув якунида мутасаддиларга назоратни кучайтириш, фильтрлар ўрнатишни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилишга қаратилган қўшимча топшириқлар берилди. Махсус комиссияга хавфсиз ва барқарор экологик вазиятни таъминлаш бўйича ишларни кучайтирилган тартибда давом эттиришга кўрсатма берилди.

3 Декабр 2025 йил

161

Аҳоли соғлом бўлса, жамият соғлом

Соғломликнинг ўзаги жисмоний тарбия, спортнинг бирор тури билан мунтазам шуғулланишдир. Спорт билан шуғулланган кишининг иродаси кучли, тартиб-интизомли, фикрлаши ҳам соғлом бўлиши табиий. Спортни аҳоли орасида кенг оммалаштиришга давлатимиз томонидан катта эътибор берилаётгани, кўплаб спорт саройлари, стадион ва клубларнинг очилаётгани бунга далилдир. Шу маънода ички ишлар ходимларининг жисмоний тайёргарлигига берилаётган эътиборни ҳам таъкидламоқ жоиздир. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги қаторида жисмоний тайёргарлигини оширишга муҳим аҳамият берилиб келинади. Бу борада ходимлар ўртасида спортнинг кўплаб турлари бўйича мусобақаларнинг ўтказилиши, ғолиб жамоалар ва ходимларни рағбатлантириш уларни руҳлантириш билан бирга саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ўртасида Тошкент шаҳар «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгашининг ХХХИВ-Спартакиадасидан ўрин олган спортнинг футбол тури бўйича мусобақалар ташкиллаштирилди. Мазкур мусобақа кўп йиллар пойтахт ИИББда раҳбарлик қилган, пойтахт ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга улкан ҳисса қўшган марҳум генерал-майор I.Sattorovning хотирасига бағишланди. Унда ИИББ таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидан 15 та терма жамоа қатнашиб, ғолиблик учун муросасиз ва кескин баҳс олиб боришди. Мусобақанинг финал ўйинларига марҳум I.Sattorovning яқин қариндошлари таклиф этилди. Томошабинларнинг олқиш ва ҳайқириқлари остида кечган курашда 🥇 1-ўрин Тошкент шаҳар ИИББ терма жамоасига🥈 2-ўрин Қўриқлаш бошқармаси🥉 3-ўрин Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ жамоаларига насиб этди. Ғолиблар тегишли диплом, медаллар ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

3 Декабр 2025 йил

123

“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида очиқ мулоқотлар

Ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онги, маданиятини шакллантириш, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган гиёҳвандлик, диний-экстремизм, бузғунчи ғоялар, кибержиноятлардан асраш борасида пойтахт ички ишлар органлари томонидан қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдаги очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлар Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев томонидан ўтказилди. Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг талабалари иштирокида, шунингдек Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари Университети талабалари орасида бўлиб ўтган учрашувларда соҳавий хизматлар масъуллари ҳам қатнашдилар. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилмоқда. Тадбирларда сўзга чиққан полковник М.Вафоев жиноятчиликнинг олдини олишда ёшларнинг фаоллиги, ижтимоий масъулияти ва онлайн хавфсизликни таъминлаш масалалари борасида сўз юритиб, салбий ҳолатлардан ҳимояланиш бўйича керакли тавсиялар ва йўриқларга тўхталди. Талабалар олдида сўзга чиққан соҳавий хизмат ходимлари мавзуни давом эттириб, ёшларга ҳуқуқбузарликларнинг аянчли оқибатлари, жамоат тартибини сақлашда аҳолининг, хусусан ёшларнинг ўрни, улар орасида кенг тарқалиб бораётган гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа хавфли омиллар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этдилар. Мулоқот якунида талабаларнинг саволларига жавоб берилиб, хавфсизлик бўйича амалий тавсиялар, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари тушунтирилди. Семинар ёшлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзига бўлган иштиёқини кучайтиришга хизмат қилиши табиий.

2 Декабр 2025 йил

233

Интерактив хизматлар

Text to speech