19 Август 2025 йил 1067

Тажриба алмашиш – муваффақият гарови

Ўзбекистон республикаси ИИВ томонидан жиноятчиликка қарши кураш, республикамизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамоат тартибини сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарадорлиги билан кўплаб давлатларнинг эътиборига тушмоқда. Ички ишлар вазирлиги томонидан замон билан ҳамнафас қадам ташлаш, илғор технологияларни тизимга тадбиқ этиш билан бир қаторда хорижий давлатлар билан фойдали тажриба алмашиш жараёнлари йўлга қўйилганлигини таъкидламоқ лозим. Жорий йилнинг 11-15 август кунлари Тожикистон республикаси ИИВ Душанбе шаҳри бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари, полковник Файзали Сайдализода раҳбарлигидаги гуруҳ ана шу мақсадларда юртимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар Республика ИИВ Академияси базасида махсус ўқув машғулотида иштирок этдилар. Машғулот давомида делегация аъзолари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишишга муяссар бўлишди. Бошқарма томонидан кибержиноятларнинг турлари, уларнинг содир этилиш механизмлари, ахборот тизимидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларга қарши олиб борилаётган ишлар, шунингдек рақамли криминалистика йўналишидаги фаолият бўйича маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Тошкент шаҳар тажрибасини ўз фаолиятларида қўллаш юзасидан келишиб олишди.

Шунингдек, Бош бошқарманинг Ахборот ва мультимедиа маркази фаолияти билан танишар экан, меҳмонлар пойтахт ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашда Бош бошқарма фаолияти, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлардан кенг аҳоли қатламларини хабардор қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-огоҳлантириш ишларига катта қизиқиш билдирдилар. Бош бошқарманинг “Шон-шараф” музейидаги тизимнинг ташкил топиш тарихи, шаклланиш жараёнлари ҳақида сўзловчи экспонатлар, кўргазмали қуроллар шунингдек, жиноятчиликка қарши кураш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида жонларини қурбон қилган ходимлар ҳақидаги ҳужжатлар, маълумотлар меҳмонларнинг эътиборидан четда қолмади.

Соҳа ходимларининг хорижий ҳамкасблар билан ўқув курсларини ташкил этиш, тажриба алмашиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали бугунги глобаллашув даврида трансчегаравий жиноятларга барҳам бериш механизми мустаҳкмаланишини яна бир бор исботламоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech