Маҳалламиз ҳудудида 52 та кўп қаватли уй жойлашган. 8 303 нафар аҳоли турли миллат вакиллари ҳисобланиб, ҳар бирининг кўнглига ўзига хос ёндашув асосида йўл топишга ҳаракат қиламиз. Фуқароларимиз жамият равнақи йўлида барча йўналишларда меҳнат қилиб келмоқда.
Маҳалламизга ташриф буюрсангиз, халқимизга хос бўлган саховатпешалик ва инсонпарварлик фазилатларига яққол гувоҳ бўласиз. Айниқса, тадбиркорларимизнинг ночор оила вакилларига кўрсатаётган муруввати кўнгилларимизни тоғдек кўтаради. Бу хайрли амаллар йил бўйи давом этади. Бу йил учта боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзанд тарбиялаётган оилага ҳомийлар кўмагида 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Шу баҳона уларнинг яшаш шароити анча яхшиланди. Рўзғоридаги камчиликлари бартараф бўлиб, фарзандларига ноз-неъматлар тақдим этилди.
Аёлларнинг тинч-хотиржам турмуш кечириши учун имкон қадар ҳаракатдамиз. Жорий йилда “Аёллар дафтари”га 284 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, шундан 7 нафари ишсиз эди. Алоҳида ёндашув асосида уларни тикувчилик, косметология ҳамда уқалаш курсларида ўқитиб, бандлигини таъминлашга эришдик. 211 нафар аёлга эса давлат томонидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Нафиса Ғоипова — ташаббускор аёлларимиздан бири. У маҳалла берган 100 миллион сўм кредит эвазига ўқув маркази ташкил этиб, ёшларга таълим бериб келяпти. Мактабга тайёрлов ва тил курсларида таҳсил олаётган болалар бугун катта натижаларни қўлга киритишга эришяпти. Бундан ташқари, 4 кишининг доимий бандлигини таъминлаган.
Маҳалламизда ижтимоий ҳимоя тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 163 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога керакли барча ёрдамлар манзилли ва ўз вақтида кўрсатилиши натижасида уларнинг жамият ҳаётидаги иштироки сезиларли даражада ортган. Шу кунларда ҳудудимизда янги маҳалла идораси қурилиши жадаллик билан олиб бориляпти.
Тез фурсатларда янги бинода янгида ёндашув асосида ўз фаолиятимизни давом эттирамиз. Шунингдек, мунтазам равишда ишлаб турадиган гастрономик кўча барпо этилиши ҳам қизғин паллада. Бу кўплаб тадбиркорлар учун қулай имконият яратиб беряпти. Қолаверса, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятли.