Пойтахтда зўравонликка учраган хотин-қизларга 2,5 мингга яқин ҳимоя ордери расмийлаштирилган
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Халқаро зўравонликка қарши курашиш куни муносабати билан “Биз зўравонликка қаршимиз!” шиори остида маданий тадбир ташкил этилди.
Тадбир зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш вa жамоатчилик орасида зўравонликка қарши муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.
Унда хотин-қизлар орасида жиноят вa ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари вa қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўрганиш натижасида 3 минг 493 низоли оила аниқланиб, улар хавфлилик даражасига кўра учта тоифага ажратилди. Низоли оилаларнинг барчаси туман ички ишлар органларининг масъул раҳбарларига бириктирилди ва қизил тоифадаги оилалар хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларга бириктирилди. Натижада 2,5 мингдан ортиқ оилада низолар бартараф этилди, мингдан ортиғи яраштирилди.
Тазйиқ вa зўравонликка учраган хотин-қизларга жорий йилда 2,5 мингга яқин ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ошган. Ушбу ҳимоя ордерига оид тақиқни бузганлик ҳолати юзасидан 89 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган.
Тадбир давомида тазйиқ вa зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида энг яхши натижалар кўрсатган масъуллар тақдирланди.
Тадбирда зўравонликка қарши саҳна кўринишлари, бадиий чиқишлар намойиш этилди.