2 Август 2025 йил 0

“Катта лейтенант энди капитан бўлди”

Бугун одамлар ўзининг, маҳалласининг осойишталиги ва хавфсизлигини профилактика инспекторлари тимсолида кўряпти. Аслида ҳам халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун бизга ишончи юқори бўлиши керак. Албатта, бу натижаларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Президентнинг оқилона сиёсати ва изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, маҳаллаларда жиноятчилик жиловланяпти. Одамларнинг тинч-тотув яшаши учун ҳар бир маҳалланинг “қулф-калити” яратилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда энг қуйи бўғиндаги вазият ва муаммоларни чуқур ўрганиш асосида ҳар қайси маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бу борада “Янги Камолон” маҳалласида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, рақамли технологиялар, замонавий иш юритиш воситалари, сунъий интеллект ёрдамида фаолият кўрсатадиган ахборот-маълумот тизимлари жадал татбиқ этиляпти. Хусусан, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида хизмат хонамда ситуацион марказ ташкил этилди.

Унга ҳудуддаги кўча ва 21 та кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги 189 та кузатув камералари ҳамда ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланди. Шу орқали жамоат жойларидаги вазиятни онлайн кузатиб боряпман. Ҳуқуқбузарликлар инсон омили иштирокисиз қайд этилиб, маҳалла ҳудудига ким, қачон келиб-кетгани кузатиб бориляпти.

Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг ҳар бир йўлагига замонавий қулф-калит, инсон юзидан танувчи видеоқурилмалар, “ташвиш тугмаси” ўрнатилди. Жамоат жойларида ўрнатилган “SOS” чақирув тугмасини босиш орқали ҳар қандай хавф тезкор бартараф этиляпти. Чунки хабар олингандан сўнг Қўриқлаш хизмати ходимлари воқеа жойига 2-3 минутда етиб боради. Бунинг натижасида бу йил ҳисобидан биронта ҳам жиноят бўлмади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси “Янги Камолон” маҳалласида ҳам бўй кўрсатяпти. Кўп қаватли уйлар, дўконлар, фуқаролар йиғини биноси замонавий қиёфа касб этди. Ички йўллар текисланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилди. Сўлим сайилгоҳ ва пиёдалар йўлаги, нуронийлар оромгоҳи, спорт ва болалар майдончалари барпо этилди.

Аҳолига яратилган бундай қулай шарт-шароитлар жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Қолаверса, ишсизлик жиноятчиликнинг асосий сабабларидан бири эканини инобатга олган ҳолда фуқаролар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Биргина Бунёдкор кўчасида санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашганини инобатга олиб, унинг 1,5 километр қисмини хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирдик. Шу мақсадда бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти туну кун ишлаш тартибига ўтказилди. Натижада 500 киши иш билан таъминланди. Шунингдек, 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. Бу йил ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди. Бундай натижаларга эришишимизда Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этяпти. Бу борада “маҳалла еттилиги” билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиб, ҳуқуқбузарлик содир этиши ва жиноят қурбонига айланиб қолиши мумкин бўлган фуқароларни алоҳида тоифаларга ажратиб, улар билан манзилли ишлаяпмиз. Ҳар бири ҳақида “еттилик” аъзоларига ижтимоий профилактик хулосаси асосида бириктириб, ижтимоий-маиший муаммоларини биргаликда ҳал этяпмиз.

Яқинда маҳалламизга ташриф буюрган давлатимиз раҳбарига “маҳалла еттилиги” билан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот бериб, жорий йил охиригача маҳаллада бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда бердим. Бунинг учун менда билим ва тажриба, шароит ва имконият етарли. Президентимизнинг “Катта лейтенант энди капитан бўлди”, деган гаплари мен учун кутилмаган эътироф бўлди. Албатта, бу юксак ишончни Ўзбекистон Республикаси халқи ва Президентига садоқат билан хизмат қилиш учун ичган қасамёдим билан оқлайман. Бу йўлда изланиш ва ҳаракат қилишдан асло тўхтамайман.

Нусратжон ЗИЁРАТОВ,
Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Камолон” маҳалласи профилактика инспектори, капитан.

© Газета «Mahalla», №58 (2282), 2025 йил 16 июль

Барча янгиликлар

Text to speech