12 Май 2025 йил 0

“Хавфсиз оила” лойиҳаси старт олди

Тошкент шаҳар тажрибаси тариқасида “Хавфсиз оила” концепцияси доирасида янги лойиҳага старт берилди.
Оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу қўшма лойиҳа Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, пойтахт ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда бир қатор ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Лойиҳа доирасида туманлар кесимида носоғлом турмуш тарзини кечираётган, ишсиз, муайян касб-корга эга бўлмаган, ижтимоий-маиший муаммолар ечимига муҳтож бўлган оилалар ўрганилди. Натижада 15 та оила ва уларнинг 50 нафарга яқин фарзандлари билан Юнусобод туманидаги Вояга етмаганларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида манзилли иш бошланди. Бир ой давомида ушбу оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, шакллантирилган психологик портретлари асносида психологик, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Мойиллиги ва иқтидорига кўра, касб-ҳунарга ўқитиш, спорт тўгаракларига жалб этиш ишлари олиб борилади. Юқоридаги тадбирлар баробарида оила аъзоларининг маданий ҳордиқ чиқаришлари ҳам кўзда тутилган. Бу уларнинг ўзаро яқинлашиши, бир-бирларини яхшироқ тушунишлари, ришталарнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Бир сўз билан айтганда, марказда масъулларнинг ҳар бир ҳаракати, интилишлари мазкур оилаларнинг тўлақонли, бахтли, ўзаро аҳил ва тотувликда яшашлари, фарзандлар тарбиясида фаол ва ибрат бўлишларига қаратилган. Бу хайр ли ва эзгу ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатишига шубҳа йўқ. Аслида бундай оилаларнинг бўлмаслиги тарафдоримиз, бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, қанча инсон бўлса, унинг тарбияси, хулқ-атвори, яшаш тарзи, тушунчаси ҳам шунча. Демак, улар билан ишлаш, тўғри йўл кўрсатиш, бахтли бўлишига имкон бериш зарур.

Нилуфар ИСОХОНОВА,
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи

© Mahalla gazetasi

Барча янгиликлар

Text to speech