5 Октябр 2025 йил 0

“Еттилик”нинг якдил қарори — молиявий кўмакда энг муҳим омил

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия, грант ва ссудалар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Унга кўра, 2025 йил 1 октябрдан Жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган маблағлар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.

Белгиланган тартибга кўра, ариза берувчилар субсидия, грант ёки ссуда олиш учун ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилади.

Ҳоким ёрдамчиси талабгорнинг мурожаатида қайд этилган маълумотларни ўрганиш учун “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали скоринг тизимига юборади. Ўрганиш натижалари бўйича ижобий натижа келган тақдирда, ҳоким ёрдамчиси мурожаатни коллегиал ўрганиш ва қарор қабул қилиш учун “маҳалла еттилиги”га киритади. Салбий натижа келган тақдирда, талабгорга хабарнома юборилади. “Маҳалла еттилиги” талабгорнинг молиявий кўмак эвазига сўраётган товар (иш ва хизмат) ларнинг ҳақиқатда зарурлиги, ундан фойдаланиш ҳамда маблағни ўз вақтида қайтариш
имкониятларини жойига чиққан ҳолда ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича зарур ҳолларда муҳокама қилиб, талабгорга молиявий кўмак ажратиш ёки уни рад этиш тўғрисида коллегиал қарор қабул қилади.

Бу жараёнда молиявий кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, коллегиал қарор иловалари билан бирга, “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларини хабардор қилган ҳолда Жамғармага юборилади.
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси “еттилик”нинг молиявий кўмак ажратиш тўғрисида коллегиал қарорини асос қилган ҳолда, Жамғарма, талабгор ва етказиб берувчилар билан уч томонлама шартнома тузади ва тўловларни амалга оширади.

Қандай субсидия, грант ёки ссуда ажратилади? Низомга асосан, бир қатор йўналишларда молиявий ёрдам кўрсатилади. Жумладан, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун — БҲМнинг 3 бараваридан 30 бараваригача, ишсизларга олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун — БҲМнинг 10 бараваригача миқдорида субсидия тақдим этилади.

Камбағал оила аъзоларига зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда (6 ойдан 3 йилгача), деҳқон хўжаликларига сув қудуқларини бурғилаш, насос агрегатларини сотиб олиш, томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва электр тармоқларини тортиш учун — БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда (6 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилгача) фоизсиз ссудалар ажратилади.

Маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва “драйвер” йўналишларидан келиб чиқиб, ўз тажрибасини 10 тагача камбағал оилага ўргатган ва уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига — ҳар бир камбағал оила учун БҲМнинг 3 баравари, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда грант берилади.

© Газета «Mahalla»,№79-80 (2304), 2025 йил 4 октябрь

Барча янгиликлар

Text to speech