Бектемир туманидаги И.М. Губкин номидаги академик лицейда зўравонликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга қаратилган “Зўравонлик – тубанликдир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, ИИО ФМБ бошлиғи, мутасадди ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни Бектемир тумани ИИО ФМБ бошлиғи У. Агзамходжаев кириш сўзи билан очиб берди. У зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат билдириш, айниқса рақамли зўравонликнинг ҳам турли кўринишларда учраётгани, аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ҳамда профилактика ишлари аҳамияти юзасидан фикр билдирди.
Шундан сўнг зўравонлик мавзусига оид махсус видеороликлар намойиш этилди.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан қуйидаги маърузалар тингланди:
Л. Бойназарова, туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи — “Зўравонлик ҳолатларида ҳимоя ордери бериш тартиби ва тузатиш дастури” мавзусида маъруза қилди.
С. Қаюмова, туман ИИБнинг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори — “Ўзбекистоннинг зўравонликка қарши кураш соҳасидаги ҳуқуқий асослари ва жавобгарлик масалалари” юзасидан батафсил маълумот берди.
И. Давлатов, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими бошлиғи — “Зўравонликдан жабрланганларга кўрсатиладиган реабилитация ёрдамларининг турлари ва кўлами” ҳақида тушунтириш берди.
Тадбир доирасида зўравонликнинг оқибатлари ва уни олдини олиш ғояларини акс эттирувчи саҳна кўриниши намойиш этилди ва якунда тадбирда фаол иштирок этган ҳамда йил давомида туманда жиноятчилик ва зўравонликни олдини олишда ташаббус кўрсатган раҳбар ва масъул ходимларга ташаккурномалар топширилди.