Огоҳлик – давр талаби. Бу ибора бежизга айтилмаган. Бу сўзнинг долзарблиги ва муҳимлиги кўп бора исботини топган. Мана яна бир мисол. Яккасарой туманида яшовчи Жаъфарнинг хулқ-атвори сўнгги пайтларда ўзгарди. Афсуски, бу ўзгариш ижобий томонга эмас, салбий томонга бўлди. Тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, вақт ўтиб у яшаб келаётган хонадонга тўда-тўда шубҳали ёшларнинг ташрифи кузатила бошланди. Маҳалла фаолларининг танбеҳига у ҳар сафар ўртоқлари билан учрашиб ўтириш қонунда маън қилинмаганлигини айтиб баланд келарди. 2024 йилнинг 22 январида туман ИИО ФМБ ходимлари “102” рақамига қилинган қўнғироқ бўйича хонадонга ташриф буюришди. Ходимлар Жаъфарга ноқонуний сақланаётган буюм ёки нарсалар бўлса, ихтиёрий равишда топширишни тавсия этишди. Жаъфар ётоқхонасидан ўткир ҳидли, кукунсимон моддалар солинган 3 дона пакетни олиб чиқиб беришга мажбур бўлди. Экспертиза хулосаси унинг гиёҳвандлик моддаси эканлигини тасдиқлади. “Мен оилавий шароитим оғир бўлганлиги, ҳаётда қийналиб кетганимдан гиёҳвандлик истеъмол қилиб ғамларни унутмоқчи бўлдим. Ижтимоий тармоқ орқали ёзишмалар олиб бориб “админ”га чиқдим. Бошида у таклиф қилган моддага буюртма бериб, юборилган рақамларга 250.000 сўм ўтказдим. Телефонимга ташланган локация бўйича бориб, буюртмани олдим. Шу-шу ушбу каналга кириб ўзимга керакли моддаларга буюртма бера бошладим, баъзан ўртоқларим билан ҳам истеъмол қилардик”, деб кўрсатма беради Жаъфар тергов жараёнида. Ҳали йигирма бешга ҳам кирмаган, навқирон ёшдаги йигитнинг ҳаётдан қийналдим, ғам-ташвишлар эзиб қўйди, дея нолиши унинг маънавий-маърифий дунёсининг кемтиклиги, руҳий ожизлиги, иродаси бўшлиги, тер тўкмай енгил яшаш орзусидан дарак беради, холос. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида 2000 йилда туғилган У.Жаъфарнинг жиноий қилмишларини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу ўринда ҳаёт ташвиш ва ғамларини бир неча дақиқага, боринг ана бир неча соатга унутишга ёрдам берган гиёҳвандлик етти йиллик умрингга қора чизиқ тортишга, “қамалиб чиққан”, “гиёҳванд” деган тамғани кўтариб юришингга арзирмикан, деган савол туғилади. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан А.Бафоевнинг иш юритувидан олинди.