25 Октябр 2025 йил 445

Соғлом тан, бақувват руҳ, юксак масъулият: Тошкентда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг фарзандлари соғлом турмуш тарзини ривожлантириш имкониятига эга бўлувчи замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Юнусобод туманидаги Бўзсув канали ёқасида 4 гектар майдонда барпо этилган мазкур мажмуа ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш, хизмат вазифаларини самарали бажаришлари учун муҳим аҳамият касб этади.

Янги спорт иншоотининг очилиш маросимида Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ҳокими, ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлар иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар Давлат раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда спорт ва соғлом турмуш тарзига бўлган эътибор йил сайин ортиб бораётганини таъкидлаб, мазкур спорт мажмуаси ходимлар ҳамда уларнинг фарзандлари учун муносиб совға эканини қайд этдилар.

Шунингдек, бу маскан нафақат ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш, балки уларнинг фарзандлари ўртасида ҳам спортга қизиқишни ошириш, келажак чемпионларни тарбиялаш учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Мажмуада жисмоний ва жанговар тайёргарлик хоналари, фитнес заллар, югуриш йўлаклари, жамоавий ва яккакураш спорт турлари учун майдонлар ташкил этилган. Иншоот турли мусобақаларни ўтказиш имкониятига ҳам эга. Лойиҳанинг иккинчи босқичида очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари қуриш режалаштирилган.

Бу мажмуада ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг фарзандларидан ташқари, аҳоли вакиллари ҳам спорт билан шуғулланишлари мумкин.

Пойтахт ИИББ жамоалари турли спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. Аёл ходималардан иборат волейбол жамоаси жорий йилда Ички ишлар вазири кубогида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, футбол жамоаси ҳам доимий равишда турнирларнинг фаворитларидан бири саналади. Янги сунъий қопламали майдон эса уларнинг машғулотлари учун қулай муҳит яратиб берди.

Ташриф доирасида “Беш ташаббус” мусобақаларида юқори натижаларга эришган Юнусобод ва Яккасарой туманлари ёшлари билан учрашув ўтказилди. Минифутбол бўйича ходимларнинг фарзандлари учун ташкил этилган тўгарак фаолияти билан танишилиб, бўлажак чемпионларга эсдалик совғалар топширилди.

Тадбир якунида спорт мажмуаси ҳовлисига манзарали дарахтлар экилди. Бу рамзий тадбир Янги Ўзбекистоннинг соғлом ва баркамол авлод тарбиясига қаратилган эзгу мақсадларига ҳамоҳанг экани таъкидланди.

Ички ишлар органларида касб байрами муносабати билан янги объектларнинг фойдаланишга топширилиши, ходимларнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жамоа руҳини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech