Ички ишлар органларининг барча тизимларида хизмат қилаётган ходим ва ҳарбий хизматчиларни, таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини, азиз фахрийларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларини 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан самимий табриклайман!
Ушбу шонли айёмда ўз ҳаётини эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашдек олижаноб ишга бағишлаган мард ҳамда садоқатли, ҳақиқий ватанпарвар инсонларга ўзимнинг самимий тилакларимни билдираман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев байрам муносабати билан Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригида: “Сўнгги йилларда
ички ишлар органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик муҳитини ишончли таъминлаш бўйича
мустаҳкам замин яратилди”, деб алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, сўнгги 9 йил мобайнида Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан ички ишлар органлари тубдан ислоҳ қилинди. Ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, замонавий иш шароитлари ва зарур техник воситалар билан таъминлаш тизимли равишда олиб борилмоқда.
Амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида Янги Ўзбекистоннинг янги ички ишлар органлари ходимлари замонавий билимларни пухта эгаллаган,
ҳар қандай хавф-хатарга қарши матонат билан курашишга тайёр, халқимизнинг чин маънодаги ҳимоячиларига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг табрикларида маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш орқали халқимиз осойишталигини таъминлашга қаратилган ҳаракатларни изчил давом эттириш, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бўйича тезкор-профилактик тадбирларни кучайтириш, ички ишлар органларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш каби масалалар келгуси фаолиятимизнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилди.
Ишонаманки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда, куну тун ўз бурчларини виждонан бажариб халқимиз ва Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлайдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни касб байрами билан
яна бир бор табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик-тотувлик, файзу барака, келгуси хизмат фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман!
Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири
генерал-лейтенант А. Ташпулатов