10 Октябр 2025 йил 357

Юнусобод туманида сайёр суд ўтказилди

Юнусобод тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими ходимлари ва Жиноят ишлари бўйича туман суди иштирокида сайёр суд ташкиллаштирилди. Тошкент Архитектура-қурилиш университети биносида бўлиб ўтган сайёр судга Пробация ҳисобида турувчи маҳкумлар, шунингдек талабалар ва маҳалла фуқаролари таклиф этилди. Йиғилиш аввалида туман ҳудудида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг аҳволи, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятга мойил шахсларни барвақт аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар, таҳдид солаётган киберфирибгарлик ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган жиноятлар ҳақида маълумот берилди. Сўнгра ахлоқан тузалиш йўлига ўтган, меҳнатга ҳалол муносабатда ва қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқарган маҳкумларни жазодан озод қилиш ёки енгилроқ жазо турига ўзгартириш, тузалиш йўлига ўтмаган маҳкумларнинг жазосини оғирроғига алмаштириш борасидаги масалалар кўрилди. Пробация бўлими ходимлари томонидан маҳкумларнинг хулқи бўйича тайёрланган тақдимномалар сайёр суд томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, 8 нафар маҳкум Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинди. Бир нафарининг эса жазо тури ўзгартирилди. Мазкур тадбир иштирокчилар: талаба ҳамда фуқаролар учун жонли мисоллар ёрдамида ҳар бир жиноий, ғараз хатти-ҳаракатлар учун қонунда тегишли жазо борлигини англатиш, ҳар бир шахс қонунларга риоя этиши, ўз ҳаётлари ҳамда келажагини бахтли ва мазмунли қуришлари учун тўғри йўл танлашига даъват этиши билан ибратлидир.

Барча янгиликлар

Text to speech