Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан Тошкент шаҳри Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ патруль-пост хизмати инспектори Жавлонбек Шарипов “Жасорат” медали билан тақдирланди. Юртимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланган қаҳрамонимиз оддий ишчи оиласининг кенжа фарзанди. Ҳакимжон ака ва Машҳура опалар тўрт нафар фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, ҳалол меҳнат ва ҳалол луқма билан вояга етказишди. Кенжаси Жавлон мактабни тамомлаб, Республикамиз Қуролли Кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, ички ишлар органларида хизмат қилиш ниятини айтганида, улар ўғлининг раъйини қайтаришмади, аксинча қўллаб-қувватлашди. Ёш, соғлом, ғайрат-шижоати юзидан уфуриб турган йигит барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, Тошкент шаҳар ИИББ ППХваЖТСБ 4-батальон, 3-отрядига ҳайдовчи лавозимига қабул қилинди. Унга устозлари: катта сержант Абдусамат Тожибоев, сафдор Элмурод Эргашовлар касбнинг ипидан-игнасигача бўлган жиҳатларини ўргатишди. Хизмат ҳудудида энг гавжум ва катта бўлган бозорлардан бири “Қўйлиқ” бозорида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан бир қаторда бозорга туташ маҳаллаларда бу борадаги тарғибот, тушунтириш ишларини олиб боришда фаол қатнашиб келди. Ҳушёр ва зийраклиги, устозларидан пухта ўрганганлари хизмат жараёнида жуда асқотди. 60 дан ортиқ киссавурларни ашёвий далиллар билан ушлади. Бозор ва ён-атрофида содир этилаётган ўнлаб ўғирлик ва безорилик ҳолатларини аниқлаб, уларни тегишли соҳа ходимларига топширди. У ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашуви боис, жиноят содир этиб, қонуний жазодан турли йўллар билан қочиб юрган, қидирувда бўлган ўнга яқин шахсларни аниқлаб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлади. Бу вазиятда ҳатто улардан бирини қутқаришга тўғри келган ҳолатини таъкидлаш лозим. Хизмат вазифасини ўтаётган Жавлон ўғирликлар содир этиб, жазодан қочиб, анча пайтдан буён қидирувда бўлган жиноятчини кўриб қолди. Жиноятчи ички бир сезги билан ходим уни ушлашига кўзи етиб, жон аччиғида, ўзини “Чирчиқ” дарёсига отди. Шу йўл билан яна жазодан қочиб қутулмоқчи бўлди. Аммо Жавлон иккиланмай унинг ортидан ўзини сувга отиб “қочоқ”ни ҳаётини сақлаб қолди. Кейинчалик жиноятчининг ўзи ҳам унинг жасоратига тан берди ва ҳаётини сақлаб қолгани учун миннатдорчилик билдирди.
Лавҳамиз қаҳрамони аҳолининг ҳушёрлиги, уларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳуқуқий билимлари, кўникмаларини оширишда тарғибот ишларининг муҳимлигини билади. Шунинг учун тумандаги “Нурафшон” маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар олиб боришда ҳам фаол.
— Хизматим жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг кўплаб кўринишларига гувоҳ бўлганман. Етти муччаси соғ бўла туриб, ҳалол меҳнат билан пул топиши мумкин бўлган шахсларнинг жиноятга қўл уришига гувоҳ бўлганман. Буни ношукурлик, ё тарбиянинг сустлиги, ёҳуд ҳуқуқий билимларининг саёзлиги, деб биламан, – дейди сафдор Жавлон Шарипов.
Юксак мукофот соҳиби турмуш ўртоғи Нодирахон билан бирга икки нафар вояга етмаган фарзандларини ҳалол, меҳнатсевар, эл-юрт корига ярайдиган баркамол инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келмоқда. Хизмат билан бирга ота-онасининг дуосини олиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланишни ҳам ўз бурчи ва масъулиятли вазифаси деб билади. Яна бир нияти– хизматини янада самарали олиб бориш, билимларини чуқурлаштириш мақсадида ИИВ Академиясига кириб ўқиш. Бу йўлда унга муваффақиятлар тилаб қоламиз.