Юртимизда ёш авлодни маънавий-ахлоқий, жисмоний етуклик даражасида тарбиялаш, уларда Ватанга бўлган садоқат ва муҳаббат туйғуларини шакллантириш, миллий анъаналар ҳамда қадриятларга бўлган ҳурматини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Болаларнинг ёзги таътилларини фойдали машғулотлар, билим ва ўрганишлар билан банд этиш борасида Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ профилактика инспекторлари ва соҳавий хизмат ходимлари, масъуллар ҳамкорлигида пойтахтимиз умумтаълим масканларида “Долзарб 90 кун” тадбирларини амалга ошириш йўлга қўйилган. Тадбирлар доирасида Юнусобод тумани ИИО ФМБ ташаббуси билан мактабларда ташкил этилган оромгоҳлардаги болаларнинг тарихий-маърифий билимларини бойитиш мақсадида пойтахтимиздаги “Амир Темур” музейига ташрифи уюштирилди. Ёш меҳмонлар музейдаги асори-атиқалар, ўша давр қадимий ёдгорликлари, тасвирий ва ҳужжатли манбаалар орқали буюк аждодимизнинг ривожланган ва адолатли ягона давлат тузиш борасидаги жангу жадаллари, давлат бошқарувидаги амалий фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур ташриф болаларда тарихимизга катта қизиқиш уйғотиб, унутилмас таассуротлар қолдирди.Улар тарихий билимларини бойитиш билан бирга ўзлигини англаш, Ватанга муҳаббат туйғусини юракларига жо этишди. Бу каби маърифий тадбирлар ёшларда миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш, уларни маънавий етук, ижтимоий фаол шахслар бўлиб вояга етишишларида муҳим аҳамият касб этиши бегумон.
Юнусобод туманидаги 9-ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган "Ором“ ёзги болалар оромгоҳида саксонга яқин ўқувчи болалар ёзни соз ўтказишмоқда. Мазкур масканда болаларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари, ёзни мазмунли ва фойдали ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган. Болалар масъул педагоглар, педагог-психиатрлар ва мутасаддиларнинг эътибори ҳамда назорати остида турли саводхонлик, зукколик борасидаги суҳбат ва дарслар қаторида кўнгилочар ўйинлар, спорт тадбирлари, компьютер саводхонлиги ва тиллар тўгаракларига жалб этилиб, тажрибали мутахассислардан сабоқ олиб келишмоқда. Бу каби тадбирлар пойтахт миқёсидаги мактабларда давом эттирилмоқда.