21 Ноябр 2025 йил 240

Ёшларни гиёҳвандлик балосидан асраймиз

Жорий йилнинг 3 ноябрида Президентимиз томонидан “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон юртимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилишга қаратилди. Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабрь кунига қадар юртимизда “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида Тошкент шаҳар ИИББ ҳудудий тузилмалари томонидан маҳаллалар, корхона-ташкилот ҳамда таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар билан профилактик-тушунтириш ишлари давом этмоқда. Шундай тадбирлардан бири Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Халқаро университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси талабалари билан ўтказилди. Унда қатнашган туман ИИО ФМБ масъуллари турли гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, уларнинг фожиали оқибатлари ҳақида далилий мисоллар ва илмий асосланган маълумотлар билан бўлишишди. Бугунги ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланиб ижтимоий тармоқларда гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан боғлиқ турли даъват ва чақириқларга алданмаслик, бундай ҳаволалар аниқланганда тегишли идораларга хабар бериш, жиноятга ундовчи маълумотлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар учун республикамиз қонунчилигида белгиланган жазо турлари, ушбу фармонга кўра жавобгарликнинг янада кучайтирилиши таъкидланди. Талабалар ўз қимматли вақтларини ўқиш ва изланишга сарфлаши, ўз танлаган касбининг ҳақиқий мутахассислари бўлиб етишишга интилишлари, соғлом турмуш тарзини танлашга чақирилди. Тадбир якунида масъуллар талабаларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар.

Шу каби тадбир Яккасарой туманида жойлашган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ҳам бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги академияси магистратура тингловчилари, туман ИИО ФМБ раҳбарияти, институт профессор ўқитувчилари, тюторлар, “Қалқон” жамоаси аъзолари ва беш юздан ортиқ талаба-ёшлар иштирок етди.

Учрашувда гиёҳвандликка қарши курашиш борасида амалдаги қонунчилик, ёшлар ўртасида учраётган хавфли тенденсиялар, наркотик воситаларнинг инсон саломатлигига етказадиган жиддий зарарларт ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабаларга шахсий хавфсизлик, ахборот маданияти ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришнинг муҳимлиги тушунтирилди. Шунингдек диний экстремистик ва радикал оқимларнинг ёшлар онгига таъсир ўтказиш усуллари, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, фирибгарлик ва манипуляция механизмларини таҳлил қилиб, бу каби иллатлардан огоҳ бўлиш юзасидан ёшларга керакли маълумотлар мисолар орқали тушунтириб берилди. Тадбир давомида мавзуга оид видеороликлар намойиш этилиб, ўқувчи-ёшлар билан савол-жавоблар ўтказилди. Мутахассислар ўзлари учраб турган реал ҳаётий мисоллар орқали гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, ноқонуний диний оқимларга қўшилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий хавфларини батафсил очиб бердилар. Якунда, иштирокчиларга соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ижодий ва маънавий ривожланишга интилиш, шубҳали ахборот манбалари ва ёт ғояларга нисбатан ҳушёрлик билан ёндашиш бўйича тавсиялар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech