11 Ноябр 2025 йил 213

Ёшларимизни турли иллатлардан асраш – бурчимиз. “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлиги доирасидаги тарғиботлар давом этмоқда

Ёшлар ниҳол. Қайга бурсанг шу томонга эгилади. Лекин, ёшларнинг жиловланмаган куч-ғайрати, шижоатидан ўз ғараз мақсадлари йўлида фойдаланишни кўзловчи нопок кимсалар афсуски, ҳар ерда, ҳар замонда топилади. Тан олиш керак, ахборот технологияларининг ривожи бу жараённи янада тезлаштириб, ҳар бир мамлакат, ҳар бир оила, ҳар бир кимсанинг ҳаётига тўсиқсиз кириб бормоқда. Қачонки, ёшларимизнинг тарбиясига эътиборни сусайтирсак, уларга оқ-қорани танитмасак, тўғри йўлни кўрсатмасак улар бу тузоқларнинг қурбонига айланиб қолиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда тақиқланган диний мавзулар, зўравонлик, шафқатсизлик, диний экстремизм, террроризм, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи воситаларнинг савдоси, кибержиноятлар, киберфирибгарлик кабиларнинг тарқалиши фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни нишонга олгани сир эмас. Ёшларимизни бу иллатлардан асраш, ҳимоя иммунитетини кучайтириш, уларнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида огоҳлантириш долзарб масалалардан биридир. Шу мақсадларда юртимиз бўйлаб “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлиги доирасида профилактик-тарғибот ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу каби тадбирлардан навбатдагиси пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академиясида бўлиб ўтди. Унда ўқув даргоҳининг маъмурияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди. Йиғилганлар олдида туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва соҳа масъуллар юқоридаги мавзулар бўйича кенг кўламли маъруза қилдилар. Бундай иллатларга қарши курашнинг самарали тизимлари, қонуний чоралари, ҳуқуқий асосларига урғу берилиб, улардан ҳимояланиш усуллари қайд этилиб, огоҳликка чақирилди. Жонли мисоллар, ҳаётий далилларга асосланган маърузалар йиғилганларнинг эътибори ва диққатини тортди. Тадбир сўнггида маърузачилар йиғилиш иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоблар беришди.

Барча янгиликлар

Text to speech