Фарҳод Жаҳонгир билан жазони ўташ чоғида танишган. Иккиси ҳам фирибгарлик жинояти учун суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келган. Одамлар яхшиликликлар, эзгу-савоб ишлар ҳақида суҳбатлашсалар, бу икки ҳамтовоқлар ўзгаларни қандай лақиллатганлигини айтиб мақтанишдан бўшамасдилар. Иккиси ҳам аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб, озодликка чиқишди. Ўзгаларга фириб беришнинг хадисини олган икковлон эски ҳунарларини давом эттириш бўйича режа туза бошладилар. Улар ўз яқинларига тегишли бўлган автомашинадан фойдаланиб, жиноий режаларини амалга оширишга келишишди. Таниш-билишларини ишга солиб автомашина сотиб олиш ниятида бўлганлар бор-йўқлиги билан қизиқишди. Уларнинг тўрига К.Маъруфжон илинди. Унга автомашина ўзлариники эканлигига ишонтириб, аввалига 15.000 АҚШ долларини қуртдек санаб олишди. Автомашинани расмийлаштиришга келганида турли баҳоналарни рўкач қилиб, орадан бир йилни ўтказиб юборишди. Кута-кута тоқати тоқ бўлган Маъруфжоннинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш ҳақидаги гапидан сўнг ваъда қилинган Gentra ўрнига автосалондан янги Nexia-3 автомашинаси олиб беришга кўндиришди. Шу зайлда ҳамтовоқлар 2022 йилнинг март ойидан 2024 йилнинг апрель ойига қадар содда К.Маъруфжондан бўлиб-бўлиб жами 34.000 АҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади. Автомашинали бўлишни орзу қилган Маъруфжон қуюқ ваъдалардан сабр косаси тўлгач, ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1984 йилда туғилган, маълумоти ўрта, муқаддам фирибгарлик жинояти учун икки марта судланган М.Фарҳодни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади. Суд унинг жиноий шериги – 1988 йилда туғилган, маълумоти олий, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган К.Жаҳонгирнинг жиноий ҳаракатларига қонунан баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. У иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Сардорбек Рустамовнинг иш юритувидан олинди.