Яшнобод туманида очиқ мулоқот ва пробация ҳисобидаги шахслар билан сайёр суд ўтказилди
Президентимиз томонидан жорий йил бошида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қарорининг қабул қилиниши пойтахт ҳудудида бу борада амалга оширилаётган ишларга ўзгача тус берди. Тошкент шаҳрида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар ойлигининг самарадорлиги ҳамда юқори кўрсаткичлилиги қарорнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилиб, ижросини таъминлашга қаратилган куч ва воситалар аниқ ва тўғри жалб қилинганлигини намоён этди. Таҳлиллар пойтахтимиз ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сезиларли даражада камайгани, криминоген вазиятнинг барқарорлашганини кўрсатди. Ойлик доирасида эришилган ижобий натижалардан келиб чиқиб, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг иккинчи босқичи шу йилнинг 15 июлидан 15 августга қадар давом эттирилмоқда. Ойлик доирасида пойтахт ИИББ соҳавий хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди ташкилотлар масъуллари томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар, суҳбатлар ўтказиш, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиб ҳамкорликда ҳал этиш кабилар қаторида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг маҳаллаларда жамоа ўртасида муҳокама қилиниши, жамоавий таъсир чораларини кўриш каби тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётганини таъкидлаш лозим. Худди шундай тадбирларнинг бири Яшнобод тумани «Дилбоғ“ маҳалласида жойлашган 61-сонли умумтаълим мактаби мажлислар залида ўтказилди. Сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг раиси Б.Алимов, туман суди судъялари: Ж.Убайдуллаев, Э.Ахбутаев ва туман ҳокимининг ўринбосари А.Ҳасанов, ҳамда Пробация назоратида рўйхатда турувчи ёшлар иштирок этишди. Учрашувда ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат ва важларни ҳал этиш борасида ҳуқуқий тавсиялар ва йўл-йўриқлар берилди. Шунингдек, ёшлар ўзларини қийнаб келаётган, ўйлантираётган кўплаб саволларига ҳуқуқий жавоблар олдилар. Сайёр суд муҳокамасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган, аммо қилмишларидан ўзларига тегишли хулоса чиқариш орқали намунали тарзда жазо ўтаб келаётган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган 10 нафар шахслар туман ИИО ФМБ Пробация бўлими тақдимномасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра, ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли равшишда озод қилингани уларнинг яқинлари томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Шунингдек, мутасаддилар ёшларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ва берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар бериб, улардан ўз ҳаётларини изга солиш, бахтли келажакларини яратишда тўғри фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб ўтишди. Хусусан, Ёшлар агентлиги, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритувчи Ёшлар етакчилари ва бошқа мутасаддиларга бу борада ҳар томонлама ҳамкорликни амалга ошириш лозимлигига урғу берилди.