Тергов амалиётидан. Худбинлик ва манманликнинг охири вой
Айримлар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, биринчи навбатда ўз эҳтиёжларини қондиргиси, жамоат тартиб-қоидаларига беписандлик ва очиқча менсимаслик йўлини тутишади. Бу ўзгаларнинг ҳақли эътирози ва низолар келиб чиқишига туртки бўлиши турган гап. 2024 йилнинг 1 феврали соат 08.30 ларда Ҳумоюн Lacetti автомашинасига ёнилғи қуйиш учун газ тўлдириш шахобчасига кирди. Бироқ шунча навбатда турган ҳайдовчиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай навбатсиз олишга уринди. Унинг бу ҳаракати навбати яқинлашиб қолай деган Агзамжонни эътирозига сабаб бўлди. Ҳумоюн эса манманлигини қўймай, уларга сурбетларча жавоб қайтаргани ҳаммасидан ошиб тушди. Агзамжон унинг йўлини тўсди. Икки ўртада жанжал чиқди. Ҳар қаерда сурбетлиги ва қўпол муомаласи билан ютиб келаётган Ҳумоюн “э” йўқ, “бе” йўқ Агзамжоннинг аввал юзига, сўнг дуч келган жойига мушт тушира бошлади. Ўртада муштлашув бошланди. Ҳумоюн оёқларини ҳам ишга солди. Атрофдагилар аранг уларни ажратиб қўйишди. Кўпчилик унинг хатти-ҳаракатидан норози ва ғазабда бўлганини англаган Ҳумоюн воқеа жойидан жуфтакни ростлади. Суд-тиббий экспертизаси Агзамжонга ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳатлари етказилгани ҳақида хулоса берди.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, маълумоти ўрта, оилали бўлган С.Ҳумоюннинг жиноий қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Суд Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбдорни 5 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.
Ушбу жиноят иши тафсилотлари Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Аслиддин Нуруллаевнинг иш юритувидан олинди.