Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги устувор вазифалардан бири – хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқи, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, тенг ҳуқуқлилик ва имкониятлари кафолатини таъминлашдир. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, белгиланаётган вазифаларнинг ижросини таъминлаш Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг ҳам доимий диққат-эътиборида. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хизматида хотин-қизлар масалалари бўйича ходимлар фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада муҳим ўрин касб этади. Мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Подполковник Ширин Норматова бир неча йиллардан буён бошқармада хотин-қизлар масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келади. 2011 йилда Республика ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаб, Самарқанд шаҳри ИИБ Тергов бўлимида иш бошлаган Ширин фаолияти давомида катта ҳаётий тажриба орттирди. Бу тажриба ички ишлар органларининг турли соҳаларида ишлаганида янада бойиди ва сайқалланиб борди. Унинг Тошкент шаҳар ИИББ Терроризмга қарши кураш бўлимидаги фаолияти даврида турли йўллар билан хорижга чиқиб, ўзга юртларда фарзандлари билан хўрлик ва мусибатларни бошидан кечирган аёлларимизни норасида фарзандлари билан юртимизга қайтариш бўйича амалга оширилган махсус “Меҳр” тадбирида кўрсатган алоҳида хизматларини эътироф этиш лозим. Юқоридаги лавозимда 2022 йили иш бошлаган лавҳамиз қаҳрамони зўравонликка учраган, умидсизлик, тушкунликка, қийин ва мураккаб вазиятларга тушган аёл-қизларимизга кўмак бериш, жамиятга қайтариш, ҳаётда, оилада ўз ўрнини топиши йўлида бутун ғайрат-шижоатини сарф қилмоқда. Узоққа бормайлик, ўтган 2024 йилнинг ўзида 900 дан ортиқ аёлларга моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 400 дан ортиғи ишга жойлаштирилди, 150 га яқинига тиббий муассасаларга имтиёзли йўлланмалар, 40 дан ортиғига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилди, 80 дан ортиқ тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилган аёл-қизларга тегишли йўриқ ва маслаҳатлар берилган бўлса, 30 га яқин ўқув юртларининг шартнома пулларини тўлай олмай ўқишни тўхтатганларга шартнома пулларини тўлаб беришга эришилди. Оиладаги зўравонлик ва камситилишларга учраган 150 га яқин аёллар реабилитация марказларига жойлаштирилди. Бундан ташқари 2023 йилдан “Мен кучли аёлман” лойиҳаси раҳбари бўлган Ширин Норматова лойиҳа доирасида 130 га яқин аёлларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиш, касб-ҳунар эгаллашига ҳисса қўшди. Бу лойиҳага жорий йилда 300 нафар аёлни жалб қилишни режалаштирган.
Куни кеча Хотин қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ташкиллаштирилиб, 2022 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Йил аёли -2024” миллий кўрик-танлови республика босқичида подполковник Ш.Норматова 12 номинациялардан бири – “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинацияси ғолиби бўлди ва махсус сертификатни қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, қаҳрамонимиз учинчи маротаба ушбу номинация бўйича ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шахсий таркиби жонкуяр, фидойи, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган ҳамкасбимиз, подполковник Ширин Норматованинг хизматларига берилган муносиб мақом билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оиласига тинчлик, фаровонлик, келгуси ишларига катта муваффақиятлар тилаб қолади.