21 Октябр 2025 йил 313

Ватан корига яраш – олий мақсад бўлмоғи лозим

Юртимизда ёшларни ватанпарварлик, эл-юрт манфаатлари ҳимоячиси, миллий қадриятларимиз, тарихий анъаналаримизга содиқдик руҳида тарбиялаш ишларига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани ҳеч қайси даврда долзарблигини йўқотмайдиган жараён. 2023 йилнинг 13 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган чора-тадбирлар бунга яққол мисол. Мазкур йиғилишда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича профилактик ҳисобда турган ва тарбияси оғир ёшлар билан ҳарбий қисмлар базасида ҳар чоракда камида бир маротаба “Жасорат мактаби” ҳарбий ватанпарварлик ўқув-йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган. Шу мақсадда пойтахтнинг ҳар бир туманидан “Ёшлар дафтари”га киритилган, уюшмаган ёшлар рўйхати шакллантирилди. Юз нафар ёшлар Чирчиқ шаҳрида фаолият юритаётган ҳарбий қисмга 10 кунлик ўқув-семинарига жалб этилди. Ёшлар гуруҳларга тақсимланиб, ҳар бир гуруҳга офицер ва сержантлар бириктирилди. Таъкидлаш жоизки, йилнинг ҳар чорагида ташкиллаштириб келинаётган бу тадбирларга бугунга қадар жами тўрт юздан ортиқ ёшлар жалб қилиниб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши, замонамизнинг баркамол инсонлари бўлиб етишиши, ватанпарварлик руҳини сингдириш, ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш кабиларга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадларда ёшлар Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти ва Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмлар фаолияти билан яқиндан танишиб ватан ҳимоячиси бўлиш каби шарафли йўлни танлашга қизиқишлари ортмоқда. Аҳамиятлиси, ёшларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашиб, тадбиркорлик соҳасига қизиқувчилар учун ўз бизнесларини йўлга қўйишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 кунлик бизнес семинар-тренинглари ҳам ташкил этилди. Иштирокчиларга имтиёзли кредит олишлари учун махсус сертификатлар топширилди. Шунингдек йиғин иштирокчиларининг қизиқишлари инобатга олиниб, ҳунарга ўқитишга ҳам ижобий ёндашилди. Ўқув-йиғини қатнашчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида, концерт дастурлари, “Заковат “интеллектуал ўйинлари, таниқли спортчи ва санъаткорлар билан учрашув ва давра суҳбатларининг ташкиллаштирилиши уларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатди. “Жасорат мактаби” доирасида ўтказилган ўқув-йиғинининг барча қатнашчиларига йиғин якунида китоблар тўплами ва бошқа қимматбаҳо совғалар улашилди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг ўз ҳаёти ва келажагига масъулият билан ёндашиши, юртимизга керакли, халқимиз учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига рағбатлантириши шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech