Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Хабарингиз бор, 2023 йил 22 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишида идора ва муассасаларда ҳар ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиш таклиф этилган эди. Президент томонидан берилган топшириқлар ҳамда Ҳукуматнинг тегишли ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” номли драмаси” мавзусига бағишланди. Тадбир давомида Ўзбекистон Давлат сатира театрининг актёрлари иштирокчиларга шу спектаклни намойиш этишди. Театр санъатининг ушбу машҳур асарида бой ва унинг билимсиз ўғли ҳақида ҳикоя қилинади. Бой фарзандининг тарбиясига бефарқлик қилгани боис, у ноқобил бўлиб ўсади. Оқибатда билимсиз ва тарбиясиз ўғил ўз отасининг ўлимига сабабчи бўлади. Трагедия инсоннинг умр йўли фақат илм ва яхши тарбия орқали чароғон бўлиши ҳақида баён этади.
Томошабинлар ажойиб ижродан маданий ҳордиқ чиқаришди. Яхши кайфият ва унутилмас ёрқин таассуротларни ҳадя этган спектакль сўнгида актёр ва актрисалар билан ижодий учрашув ҳам ташкил этилди.