23 Апрел 2025 йил 854

Ўқув даргоҳларида профилактик тадбирлар

Пойтахтимизда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳоли кенг қатламларининг иштирокини таъминлаш, фаоллигини ошириш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 15 апрелидан юртимиз бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлигининг ўтказилиши ана шу ишларнинг узвий давомидир. Ойлик доирасидаги навбатдаги тадбир пойтахтнинг Юнусобод тумани 239-умумтаълим мактабида “Биз ёшлар - гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида бўлиб ўтди. Учрашувда қатнашган масъуллар гиёҳвандлик ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг инсон саломатлигига зарарли таъсири, унинг мудҳиш оқибатлари ҳақида маълумотлар бериб, уларнинг исботи тариқасида тайёрланган видеолавҳаларни намойиш этишди. Шунингдек, бу каби заҳри қотилни тайёрлаш, олиш, сақлаш, истеъмол қилиш, тарқатиш ҳолатларига Республикамиз қонунчилигида қаттиқ жазо белгилангани таъкидлаб ўтилди. Худди шундай тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида Академия маъмурияти масъуллари билан ҳамкорликда талабалар билан Иқтисодиёт университети Молия факультетининг талабалари билан ҳам ўтказилди. Суҳбат давомида ёшларнинг ҳуқуқий билимлариини ошириш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш ва жамиятда соғлом фикрли ва комил инсонлар бўлиб шаклланиши бўйича муҳим тавсиялар берилди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида гиёҳвандликка қарши курашга қаратилган профилактик-тушунтириш тадбирлари “Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзусида ўтказилди. Унда университетлар маъмурияти, масъуллар иштирок этишди. Ўтказилган профилактик тадбирларда гиёҳвандликнинг ҳалокатли оқибатлари, унга қарши кураш баробарида, ҳозирги пайтда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги қадриятларимизга ёт, бузғунчи ғоялардан сақланиш, ғараз ниятли кимсаларнинг тўрига илинмаслик, кибертаҳдидлар, кибержиноятлар қурбонига айланиб қолмаслик бўйича ҳам тушунтириш ва огоҳлантиришлар, тавсиялар берилди. Ўқув юртларида ўтказилган жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган тадбирларда талабаларнинг бу жиноятларга қарши фикрлари ва мулоҳазаларига ҳам кенг ўрин берилди. Шунингдек, улар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди. Гиёҳвандлик ва жиноятларнинг барча турларига қарши кураш борасида ташкил этилаётган учрашув, суҳбат ва профилактик-тушунтириш ишлари пойтахтнинг барча олий ҳамда ўрта билим даргоҳлари, маҳалла ва ташкилотларда ҳам изчил олиб борилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech