11 Май 2024 йил 636

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёш ҳуқуқшунос” кўрик-танлови ўтказилмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш, давлатимиз томонидан олиб борилётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида турли хил кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ҳамда маданий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.


Жумладан, пойтахт туманларида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёш ҳуқуқшунос” кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда. Мазкур кўрик-танлов умумтаълим мактаблари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида Конституциямизга ҳурмат туйғусини янада кучайтириш, мамлакатимизнинг Асосий қонуни ҳақидаги билимларини чуқурлаштириш, нутқ маданияти ва эркин фикрлаш савиясини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқшунослик соҳасида кадрларни тайёрлаш мақсадида ўтказилмоқда.


Масалан, Учтепа тумани учинчи сектор ҳудудида жойлашган 295-сонли ўрта мактаб юқори синф ўқувчилари энг яхши ёш ҳуқуқшунос унвони учун беллашишди. Танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, мамлакатимиз қонунлари ва қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақидаги билимлари бўйича беллашди. Танлов натижаларига кўра биринчи ўринни “Аристократ” жамоаси эгаллади, иккинчи ўрин “Адолат” жамоасига насиб қилди ҳамда учинчи ўринни “Ёш ҳуқуқшунослар” жамоаси эгаллади.


Шунингдек, Бектемир туманида ИИО ФМБ ташаббуси билан учинчи сектордаги 293-мактабда 10-11 синф ўқувчилари ўртасида энг яхши ҳуқуқий саводхон ёшлар аниқланди.


Мусобақа якунларига кўра, яккалик баҳсларида 11-синф ўқувчиси Диёра Турғунова биринчиликни қўлга киритган бўлса, Муниса Нормуродова ва Шоҳрух Муродов иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.


Барча ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Барча янгиликлар

Text to speech