24 Октябр 2025 йил 377

УЛАР ВАҚТНИ ЭМАС, БУРЧНИ ТАНЛАЙДИ

Сафдор Нурбек Холсаидов етти йилдан буён соҳада хизмат қилиб келмоқда. У ҳушёрлиги ва шижоати билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўткир тиғли жисм олиб юрган фуқаролардан ҳаёт учун хавфли бўлган 16 та хавфли буюмни расмийлаштириб олган. Жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилган 10 нафар фуқарони ҳушёрхонага жойлаштирган. Шунингдек, қаровсиз қолган 3 нафар вояга етмаганни Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борган. Сафдор Нодир Қорабоевнинг тизимда фаолият бошлаганига 17 йилдан ошди. Хизматда намуна кўрсатиб, йил бошидан буён 68 та хавфли ўткир тиғли жисм аниқлаб, ҳуқуқбузарларни туман ИИОФМБга қонуний чора кўриш учун топширган. Икки нафар қидирувдаги шахсни қўлга олган. – Вазифамиз – энг аввало, бирор-бир хавф-хатарни олдиндан кўра билиш ва ўз вақтида бартараф этиш, – дейди сафдор Н. Қорабоев.

Фуқаролар бизга ўз хавфсизлигини ишониб топширдими, демак бу ишончни оқлашимиз лозим. Сафдор Мелис Буркутбаевнинг соҳада хизмат қилаётганига қарийб 20 йил бўляпти. У ҳам хизмат фаолияти давомида кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ва содир этилганларини ўз вақтида аниқлашга муваффақ бўлган. Тажрибали ходим, шунингдек, 4 та жиноятни «иссиқ изидан» фош этишда жонбозлик кўрсатган. Бир сафар сафдорлар Нурбек Холсаидов ҳамда Нодир Қорабоев тунги вақтда ўзларига бириктирилган ҳудуд – жамоат жойида хизмат вазифасини ўтаб юрганида, шубҳали кўринган шахсни тўхтатишади. Унинг ёнида хавфли жисм – пичоқ борлиги маълум бўлади. Ўз вақтида фуқародан олинган ўткир тиғли буюм ҳужжатлаштирилиб, туман ИИОФМБга топширилади. Агар ходимлар ҳушёрлик қилишмаганида, эҳтимол ҳалиги шахс бошқа фуқаролар хавфсизлигига жиддий таҳдид солган бўларди. Бу – шунчаки оддий патруллик эмас, балки масъулият, эътибор ва бурчга садоқат ҳиссининг яққол намунасидир. Уч нафар оддий сафдор ходимнинг хизматидан айрим лавҳалар орқали бутун бир отряднинг фаолиятига чизгилар чиздик. Улар ҳар куни ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш майдонида. Бу – машаққатли, аммо шарафли юмуш. Албатта, бундай масъулиятли вазифани уддалашга темир интизом ва Ватанга муҳаббат орқалигина эришилади.

Барча янгиликлар

Text to speech