26 Сентябр 2025 йил 500

Учтепа туманида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви

Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида Учтепа тумани ИИО ФМБ раҳбарияти, талабалар ва масъуллар иштирок этди. Учрашувни билим юртининг ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар департаменти раҳбари Н.Рахмонов кириш сўзи билан очиб берди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда талабалар олдида сўзга чиққанлар: Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Дилмурод Мирсадиков, бошлиқ ўринбосари, подполковник Абдурашид Очиловлар иштирокчиларнинг эътиборини жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига қаратди. Чунончи, туманда ва пойтахт ҳудудида қайд этилаётган жиноятлар таҳлилига, айниқса ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларга тўхталиб, уларнинг салбий оқибатлари ҳақида аниқ мисоллар келтирди. Шунингдек, айни пайтда дунё миқёсида глобал муаммога айланаётган гиёҳвандлик, ахборот технологиялари соҳасида кўпайиб бораётган киберфирибгарлик ва кибержиноятлар, ижтимоий тармоқларда қадриятларимизга ёт бўлган бузғунчи ғоялар, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ҳаволаларга қарши кураш, ҳимояланиш иммунитетини ошириш мавзуларига тўхталдилар. Олийгоҳда таҳсил даврини ўз саодатли келажаги учун замин яратишга сарфлаш, ҳар бир берилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, олтинга тенг ёшлик ва талабалик йилларини фойдали ва мазмунли ишларга бағишлаш тавсия этилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашув якунида талабалар мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоблар олишди. Бундай учрашувлар ёшларнинг ўз танлаган соҳаларидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш баробарида ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш, ҳақ-ҳуқуқлари қаторида фуқаролик мажбуриятларини ҳам англаш муҳимлигини намоён этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech