31 Январ 2025 йил 1081

Тунги хизматга жалб қилинган ходимлар учун йўриқнома ўтказилди: унда "Хавфсиз ва соғлом пойтахт" ойлиги доирасидаги 15 кунлик фаолият сарҳисоб қилинди

Шаҳримизда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари туну кун хизмат олиб бормоқда. Шайхонтоҳур туманида хизматга жалб қилинган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари учун тунги йўриқнома бўлиб ўтди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ва Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи полковник Анвар Ортиқовлар иштирок этди.

Бош бошқарма бошлиғи ўз нутқида Президентимиз томонидан имзоланган 1-сонли қарор ижросини таъминлашда барча ИИО ходимлари масъулият билан ёндашиши, маҳаллага бириктирилган ҳар бир ходим тинчлик ва осойишталикни сақлашда сергак бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, 15 январь кунидан давом этаётган "Хавфсиз ва соғлом пойтахт" ойлиги доирасида ҳамкорликда ўтказилаётган махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўз натижасини бераётганлиги, совуқ қурол олиб юриш, жамоат жойларида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар камайганлиги эътироф этилди. Жумладан, 15 кун давомида жами 459 та гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар, шундан 28 таси гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан жами 249 та жиноят ишлари қўзғатилди ҳамда 104 та ҳолатда маъмурий тартибда чоралар кўрилди, қолган 106 та ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жами 1 кг 098 гр ноқонуний гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди ва аҳоли орасида тарқалиши тўхтатиб қолинди. Гиёҳвандлик ва психотроп моддалари билан шуғулланувчи интернет дўконларнинг рекламаси акс этган жами 906 та “наркограффити”лар аниқланиб, барчаси бартараф қилинди.

Махсус ҳамкор гуруҳлар томонидан кўчаларда ва жамоат жойларида олиб борилган тезкор-профилактик чора-тадбирлар натижасида 14 554 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди, шундан 2 462 таси қўпол қоидабузарлик, 378 таси маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш.

564 та ҳолатда ёнида ўткир тиғли жисмлар олиб юрган фуқаролар аниқланди, уларнинг 505 нафарига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185 прим 2 ва 185 прим 3-моддалари бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, 59 нафари огоҳлантирилди.

Маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар 53 фоизга кескин камайди. Жиноят турларидан: талончилик 53 фоизга, босқинчилик 33 фоизга, ўғрилик 56 фоизга, безорилик 20 фоизга, транспорт воситасини олиб қочиш 50 фоизга камайишига эришилди.

Йўриқнома давомида ушбу ойлик доирасида юқори кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ ходимлар бош бошқарма бошлиғи томонидан рағбатлантирилди.

Шундан сўнг генерал-майор А.Ташпулатов ва полковник А.Ортиқовлар Шайхонтоҳур туманидаги савдо-кўнгилочар мажмуани кўздан кечириб, фуқаролар хавфсизлигини ва осойишталикни таъминлашда ходимларнинг иш жараёнини ўрганди.

Кейинги манзил тумандаги "қизил маҳалла" тоифасига киритилган Ўрда маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ушбу маҳаллага туман ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари масъул этиб бириктирилган. Пойтахт ИИББ бошлиғи маҳаллада амалга оширилаётган ишлар, маҳалла еттилигининг ўзаро ҳамкорлиги билан танишиб, иш самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўз кўрсатмаларини берди. Ҳар бир оила бевосита ўрганилиб, аниқланган муаммолар илмий-амалий ёндашув асосида таҳлил қилиниши ва жойида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Барча янгиликлар

Text to speech