22 Ноябр 2025 йил 368

Туман ИИО ФМБ бошлиқларининг сайёр қабуллари: аҳоли муаммоларига жойларда ечим изланмоқда

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда инсон манфаатлари устувор қўйилиб, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ҳамда уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги туманлар ИИО ФМБ бошлиқлари томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри ўрганилмоқда.

Сайёр қабуллар давомида раҳбарлар аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқот қилиб, турли ижтимоий-маиший масалалар, ҳуқуқий муаммолар, оилалардаги низолар, профилактика ишлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда келиб чиққан масалаларни тингламоқда. Энг муҳими, мурожаатлар фақат ёзиб олинмасдан, балки шу ернинг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларга аниқ ечимлар топилмоқда.

Фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатлар юзасидан қўшимча ўрганиш ва текширув талаб қилинадиган ҳолатлар юзасидан тегишли хизмат раҳбарларига кўрсатмалар берилмоқда. Айрим муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, қисқа вақт ичида ижобий ҳал этилмоқда. Бу эса одамларда ИИО фаолиятига нисбатан ишончни янада оширмоқда.

Аниқ мисолларга тўхталсак. Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи Т.Жасур бир неча ойдан бери ишсизлигини билдириб, иш топишда амалий ёрдам сўраган. Туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Сарвар Жўраев Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ушбу фуқаронинг мурожаатини жойида ҳал этди. Эндиликда Т.Жасур доимий иш жойига эга бўлиб, оиласини ҳам моддий таъминлайди.

Миробод тумани Фитрат маҳалласида истиқомат қилувчи Ю.Гулбаҳор ўзи ва оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник Отабек Ходжаевга мурожаат қилди. Унинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, ўзи ва оила аъзолари бир неча йилдан бери истиқомат қилиб келаётган хонадонига рўйхатга қўйилди.

Мирзо Улуғбек тумани “Азамат” маҳалласида раис лавозими бўшлиги сабабли, маҳаллада бир қанча муаммолар ҳал этилмаётганлиги юзасидан маҳалла аҳлидан мурожаат келиб тушди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Искандарбек Рашидов томонидан ушбу мурожаат ўрганиб чиқилиб, тез кунларда ушбу маҳалла раислигига сайлов ўтказилиши юзасидан мутасадди ташкилотлар билан боғланиб олинди.

Шу туманнинг Шаҳробод кўчасида истиқомат қилувчи Б.Оксана чиқиндиларни йиғиш жойи йўқлиги сабабли у истиқомат қилувчи уй олдида чиқиндилар тўпланаётганлиги юзасидан шикоят қилди. Шунингдек, электр тармоқларидаги муаммоларни бартараф қилиш учун янги трансформатор ўрнатиш лозимлиги бўйича мурожаат қилди. Унинг мурожаатини жойида ҳал этиш мақсадида туман Махсустранс бўлими ва электр-тармоқлари бўлими бошлиқлари чақиртирилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан келишиб олинди.

Сергели тумани “Нурҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳудудга қўшимча кузатув камераларини ўрнатиш лозимлигини, шунингдек айрим кўчаларда ёритиш чироқлари ишламаётганлигини билдиришди. Уларнинг мурожаатини ўрганиш мақсадида туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Анваров Баходир маҳалла ҳудудини ўрганди. Носоз бўлган тунги ёритиш чироқларини янгилаш ва қўшимча кузатув камераларини ўрнатиш мақсадида мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг давлат идораларига мурожаат қилишда сарсон-саргардон бўлиб юрмаслиги, масъуллар халқ олдига бориб, муаммоларни жойида ўрганиши ва ҳал этишига қаратилган.

Барча янгиликлар

Text to speech