Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасида «Уч авлод» учрашуви бўлиб ўтди
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан куни кеча Бош бошқарманинг ППХ бригадасида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳамда ППХ бригадаси раҳбарияти ва шахсий таркиби, Фахрийлар кенгаши раиси, ҳозирги кунда нафақа гаштини сураётган фахрийлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда фаол иштирок этиб, жамоа ўртасида шахсий намуна кўрсатган ходимларнинг ота-оналар иштирок этишди. Учрашувда нутқ сўзлаган фахрийлар кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятларимиздан эканини алоҳида таъкидлади. Уларнинг узоқ йиллик самарали хизматлари давомида орттирган тажрибалари, жасорати ва фидойилиги ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида алоҳида ўрин тутишини, ибратли ҳаёт йўллари эса ёшларда ғайрат-шижоатни, элу юртидан ғурурланиш туйғусини кучайтиришга хизмат қилишини такидладилар. Сўзга чиққан ЖТСБ раҳбарияти ходимларга яратиб берилаётган шароитлар, ижтимоий ҳимоя ва имтиёзлар юзасидан учрашув иштирокчиларига маълумотлар берди. Тадбир давомида хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб, шахсий намуна кўрсатган бир гуруҳ ходимларга ва уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, нафақа ёшига етган ходимларни нафақага кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу каби “Бугун” ва “Келажакни” бирлаштира олган учрашувлар ёш ходимлар учун катта тажриба ва ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилади.