Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Aзиз Ташпулатов Шайхонтоҳур туманидаги “Чорсу” маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ўтказди. Унда туман ҳокими, Бош бошқарма ва туманнинг масъул ходимлари ҳамда мутассади ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар. Сайёр қабул давомида фуқаролардан 60 тадан зиёд мурожаатлар келиб тушди ва аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Мурожаатлар асосан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жазони ўташдан озод этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ички ишлар органларига хизматга кириш бошқа масалаларга тегишли эди. Бир қатор мурожаатлар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш муддатлари белгиланди ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Йиғилишда 18 нафар ёшларга ўзини бандлигини таъминлаш учун зарур жиҳозлар ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганишлари учун сертификатлар топширилди. Шунингдек, 3 нафар фуқарога ID-карталар топширилиб, 7 нафар маҳкумни муддатидан олдин озод қилиш масалалари кўриб чиқилгандан сўнг ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, бир нечта кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами берилди. Бу каби учрашувлар шаҳарнинг барча туманларида ўтказилмоқда.