Тошкент олий ўқув юртларида ойлик доирасида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
Пойтахтимизда “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида олийгоҳ маъмурияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар билан Тошкент шаҳар ИИББ вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ташкиллаштирилган ушбу тадбирда пойтахтимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб олдини олиш, кибермаданиятни юксалтириш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотларни тақдим этдилар. Шундай тадбирлардан яна бири Олмазор туманида жойлашган Тошкент Тиббиёт Академияси талабалари билан ҳам ўтказилди. Билим даргоҳининг маъмурияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда икки юздан ортиқ талабалар қатнашган катта аудитория олдида туман ИИО ФМБ бошлиғи полковник Иброҳим Хасанов ҳамда масъул ходимлар туман ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маъруза қилишди. Ҳар икки билим даргоҳида сўзга чиққанлар ўз маърузаларида ойлик доирасида амалга оширилаётган тадбирлар қаторида дунёда глобал муаммога айланиб бораётган гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликкка қарши курашиш бўйича шноябрь ойининг илк кунлариданоқ Президентимиз томонидан имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига қаратишди. Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, унинг мудҳиш оқибатлари, оилалар таназзули, шахснинг тубанлашуви, унинг ортидан содир бўлаётган фожиалар ҳақида ҳаётий мисоллар ҳамда илмий исботланган маълумотларни тақдим этишди. Шунингдек, таълим муассасаларида гиёҳвандлик воситалари, психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилишига барҳам бериш, бу иллатга нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш, мазкур залолат ботқоғига ботмаслик чоралари бўйича тавсия ва йўл-йўриқлар берилди. Маърузаларда кўтарилган мавзу ва келтирилган маълумотлар гиёҳвандликнинг аянчли ва жинояткорона оқибатлари бўйича тайёрланган видеороликлар намойиши билан янада жонли чиқди. Учрашувлар сўнгида масъуллар мавзу бўйича талабаларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, уларнинг кўплаб саволларига жавоблар беришди.