28 Октябр 2025 йил 766

Тошкент шаҳар ИИББда «25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди

Юртимиз, халқимиз хавфсизлиги ва осойишталигини сақлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш йўлида ички ишлар органлари фаолиятининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Пойтахт ички ишлар органлари ходимлари жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида тинимсиз фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда у замонавий илғор технологиялар, моддий-техникалар, куч-воситалар билан, айниқса малакали ва тажрибали ходимлар билан жамланган нуфузли даргоҳдир.

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан пойтахт ИИББ да катта тантана бўлиб ўтди. Унда Бош бошқарма раҳбарияти, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар раҳбарлари, ҳудудий тузилмалар бошлиқлари, ходимлар, фахрийлар ҳамда жиноятчиликка қарши кураш йўлида ўз ҳаётларини қурбон қилган ходимларнинг оила аъзолари қатнашдилар. Тадбир бошланишидан аввал вафот этган ходимлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйилди. Сўнг тадбирнинг тантанали қисми бошланди. Дастлаб Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг байрам табригини йиғилганларга ўқиб эшиттирди. Шунингдек, пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг тинчлик-осойишталикни сақлаш, юрт-халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, қомусий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида туну кун олиб бораётган ишларига урғу берди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг халқимиз ҳаётини янада осойишта ва файзли қилишга қаратилган, ички ишлар ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, замонавий иш шароитлари билан таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига берилаётган эътибори таъкидланиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши кураш борасида эришилаётган ютуқлар эътироф этилди. Бу сўзларнинг далили сифатида Президентимизнинг фармони билан давлат мукофотлари билан тақдирланган ходимлар алоҳида эътироф этилди. Тадбир давомида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан, шунингдек бош бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи билан мукофотланган ходимларнинг мукофотлари тантанали равишда топширилди. Маросимда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар масъул раҳбарлари ҳам ички ишлар ходимларини касб байрамлари билан табриклаб, хизмат бурчини виждонан бажараётган, мардонавор фаолият олиб бораётган ходимларнинг меҳнатини юқори баҳолади.

Шунингдек, хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига ҳамда ИИО фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.

Байрам тадбирининг бадиий қисми санъаткорлар ҳамда Тошкент шаҳар ИИББнинг “Ниҳол” жамоаси томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари билан давом эттирилди.

Тадбир давомида давлатимиз раҳбари топшириғи билан хизматда фойдаланиш учун замонавий автотранспорт воситалари соҳавий хизмат бўлимлари ва бошқармаларига тантанали равишда топширилди.

Бу каби тадбирлар ходимларни хизматга бўлган муносабатининг рағбати, сидқидилдан қилинган меҳнати қадрланишига бўлган ишонч руҳини янада мустаҳкамлашига, айниқса ёш ходимларнинг касбига бўлган иштиёқини янада кучайтиришига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech