23 Сентябр 2025 йил 472

Туманлар кесимида сайёр суд мажлислари ва учрашувлар

Тинчлик ва озодлик – бу инсониятга берилган энг юксак неъматдир. Ҳар бир шахс эркин, фаровон жамиятда, севимли оила, яқинлар даврасида умргузаронлик қилишга ҳақли. Шунингдек, билиб-билмай жиноят содир этиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри йўлни танлаганларга имкон бериш, ҳақ-ҳуқуқини тиклаш инсонийликнинг олий намунасидан даракдир. Пойтахт туманларида туман судлари, ҳокимият вакиллари, ИИО ФМБ раҳбарияти, пробация бўлими, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари, маҳалла раислари, фаоллари, “етти”лигини қамраган ҳолда маҳалла ёшлари, пробация рўйхатида турувчи шахслар иштирокида ташкиллаштирилаётган сайёр суд мажлислари, очиқ мулоқот тарзидаги йиғилиш ва суҳбатлар, профилактик учрашувлар ана шу мақсадлар йўлидаги дадил қадамлардир.

Учтепа туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида юз нафар пробация ҳисобида турувчи шахслар билан ўтказилган профилактик учрашувда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқий маълумотлар берилиб, хулқ-атвори ижобий томонга ўзгарган, тузалиш йўлига ўтган ўн беш нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда муддатидан илгари жазодан озод қилинди.

Шайхонтоҳур туманида жойлашган Сархумдон маҳалласида ўтказилган сайёр суд мажлисида туман суди, туман ҳокимлиги ва Пробация бўлими вакиллари ҳамда бўлим назоратида турган ёшлар иштирок этди. Учрашувда сўзга чиққанлар ёшларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитларга тўхталиб, уларни жиноятдан ҳоли эркин ва соғлом турмуш тарзини танлашга чақиришди. Шунингдек, қилмишларидан чин пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган етти нафар маҳкумлар бўлим тақдимномасига биноан шартли равишда жазодан озод қилинди.

Миробод туманида жойлашган Абдулла Авлоний маҳалласида ҳам шундай инсонпарварлик тадбири ўтказилди. Пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаб келаётган ўттиз беш нафар назоратдаги шахслар билан сайёр суд мажлиси ва очиқ мулоқот тарзида ўтган профилактик суҳбатларда маҳкумларга жазони ўташ тартиб-қоидалари, зиммаларидаги мажбуриятлар тушунтирилди. Сайёр суд жараёнида эса жазо ўташ давомида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, жазо ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилган, тузалиш йўлига ўтган ўн олти нафар шахсга туман ИИО ФМБ бошлиғининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин шартли равишда озод этилиб, эркин ҳаётга йўлланмалар берилди.

Бектемир туманидаги Губкин номидаги лицейда ташкил этилган сайёр суд мажлиси ва профилактик учрашувга илғор тадбиркор ҳам таклиф этилди. У ёшларга ҳалол меҳнат ортидан муваффақият ва фаровонликка эришиш борасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Туман суди, ҳокимлик ва Пробация бўлими вакиллари назоратдаги ёшларни ҳаётда тўғри йўлни танлаш, бахтли келажагини яратиш учун давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар, ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақидаги маълумотлар билан таништирдилар. Учрашув сўнгида жиноят содир этган, ҳозирда ижобий хулқли ва тузалиш йўлига ўтган беш нафар фуқаро Республика Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда жазодан озод этилди.

Муқаддам жиноят содир этиб, хатосини англаб етган, қилмишларидан чин дилдан пушаймон бўлиб, ҳалол меҳнатни танлаган шахсларга имкон берилиши, нормал ҳаёт тарзига қайтарилиши уларнинг жамиятимизнинг фаол фуқаросига айланишида самарадорлиги билан эътирофга лойиқдир.

Барча янгиликлар

Text to speech