8 Октябр 2025 йил 369

Тергов амалиётидан. Тилла тугма машмашаси

“Кўр кўрни қоронғуда топади”, деган мақолни эшитмаганлар бўлмаса керак. Мақолда жисмоний кўрлик ҳақида эмас, кўзи очиғу қалби кўрлар ҳақида, тўғри йўл қолиб, қинғир йўлдан юрганларга ишора.
Сайдулла олий маълумотли, Валижоннинг эса ҳамтовоғидан фарқи ёшида ва маълумоти ўрталигида. Иккаласи ҳам оилали, муқаддам судланган. Бу иккиси жазони ўташ жойларида танишиб, орасидаги ўн тўрт ёш фарқига қарамай қалин ҳамсояга айланган эди. Озодликка чиқишганида ҳам орадаги “қалин” дўстона алоқаларини узмаган. Бунга қуйидаги воқеа баёни ҳам гувоҳлик беради. 2021 йилнинг август ойида иккиси учрашиб, уйимда йўқ гўжалик, кўнглим тусар хўжалик, дегандек чўнтагида ҳемири йўқ - тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилишди – қарз кўтариб. “Хитой давлатидан хўжалик молларини келтириб сотмоқчи эдик”, дея кўрсатма беришади ҳар иккиси тергов жараёнида. Унгача эса ...
Шу мақсадда улар пул топиш учун таниш-билишларидан қарз сўрай бошлашади. Ҳеч кимдан пул чиқмайди. Танишларидан бири Алишер деган судхўрнинг фоизга сўралган пулни бериши мумкинлиги ҳақида айтиб қолади. Улар оёқларини қўлга олишиб “қайдасан Алишер?”, дея уни қидириб, йўлга тушишади. Бироқ Алишер деганлари анойи эмас экан. Уларнинг афт-башаралари, гапларидан шубҳа қилиб, айни пайтда пули йўқлигини айтиб оёқ тираб олди. Ҳамтовоқларнинг қайта-қайта ялинишлари сари у фоиз қийматини ошира борди. Ахийри, йигитнинг сазаси ўлгунча ҳўкизнинг шохи синсин, қабилида эркаклар кўйлаги енгига тақиладиган иккита тилла тугма-тўғноғичи борлигини, уларнинг ҳар бири бир ярим минг АҚШ долларидан қиммат туриши, исташса шуни бериши мумкинлигини айтиб, тугмаларни кўрсатди. Тилла тугмалар 3.500 АҚШ долларига баҳоланиб, бир ой ичида 35 та қўй эвазига қайтариш шарти билан “бўлғуси тадбиркорлар”нинг қўлига ўтди. Бироқ катта фоиз эвазига олинган тилла тугмаларнинг асл баҳоси бир ярим минг АҚШ долларига ҳам етмади. Тадбиркорликни бошламай туриб, “куйиб” қолган ҳамтовоқлар судхўрдан ўч олиш ниятида “яширинишга” қарор қилишди. Аммо Алишер деганлари ўз мижозларини ерга кирса қулоғидан, осмонга чиқса оёғидан тортиб туширадиганлар хилидан эди. У туман ички ишлар органига мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида 1975 йилда туғилган К.Валижон ҳамда 1989 йилда туғилган, Н.Сайдулланинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, К.Валижонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-модда 2-қисми “а,б” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ва иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йилу олти ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига, Н.Сайдуллани 168 модда, 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, бир йилу олти ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Ҳар иккисига жазо тайинлашда уларнинг тергов органи билан айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, зарар қопланганлиги, жиноятни очишда фаол иштироки инобатга олинди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Ферузахон Ҳакимова таништирди.

Барча янгиликлар

Text to speech