2 Феврал 2025 йил 971

“Текин – томоқни йиртар”

Афсус билан таъкидлаш лозимки, бугунги кунда маънавият, маърифат, маданият ўрнини моддият эгаллаб бормоқда. Бойликка ружу қўйиш ортидан инсонийлик, ўз ҳаётининг, умрининг қадрига етиш, қилмишнинг оқибатини ўйлаш кабилар охирги қаторларга – то пушаймон ва афсус надомат келгунга қадар суриб қўйилмоқда. Бойлик орттириш ўзгаларга зиён, яқинларига мусибат етказиш, бошқалар умри, тақдирига бефарқлик билан бўлиши керак эмас. Енгил, осон йўл билан катта пул топишни ваъда қилаётганларнинг тузоғига тушаётган ёшлар катта пулнинг ортида катта муаммолар, мудҳиш оқибатлар туриши ҳақида ўйлаб кўришса яхши бўларди. Яна бир нарса – катта пул ваъда қилаётганлар – улар воқеа ортида номаълум бўлиб қолиш чорасини аллақачон кўриб қўйишган, жазони эса сиз тортасиз. Мана бунга яна бир мисол. Шохруҳбек ота-онасининг кўзини қувонтириб соғлом вояга етди. Ўз билими билан институтга ўқишга кирди. Ҳадемай, олий маълумотли бўлиши, оқ-қорани таниб, ҳаётда ўз ўрнини топишига ишонган, институтни битириши билан уйлантиришни ният қилиб юрган ота-онасининг бошига ўша кун яшин ургандек бўлди. Тергов жараёни ҳам бир нави-я, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида, 2004 йилда туғилган Шоҳруҳбекнинг қилмишларини қонунан баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбли деб топди. У 10 йилга озодликдан маҳрум қилганида ота-онасининг кўз олди қоронғулашиб кетди. Хушсурат, бақувват, эс-ҳуши жойида, не-не умидлар билан катта қилган ўғлининг ўн йили қамоқда ўтишини кўз олдига келтирган ота-онанинг ҳолатини тушунтириш қийин. Воқеа эса бундай бўлганди.

Шохруҳбек тенгқурлари ичида зийраклиги, хушмуомала, зеҳни ўткирлиги билан ажралиб турар, келажаги порлоқ йигит саналарди. Аммо у ўзида бор имкониятлар, шароитларга қониқмай, тўғриси шукр қилмай, интернет тармоғи орқали 600-700 АҚШ доллари ваъда қилинаётган тармоққа кирди. Ўзини “Маэстро” деб таништирган кимса билан гаплашиб ва ишга киришди. 2024 йилнинг 9 март куни таниши Данилни айланиб келиш учун сайрга чақирди. Шу куни соат 14.30 ларда туман ЖҚБ ва ППХ ходимлари икки йигитни тўхтатиб, суҳбатга тортганида, Шохруҳбек ўзини нотабиий тута бошлагани уларда шубҳа уйғотди. Текширилганда, унинг ёнидан 5 дона изолентага ўралган яшил кукунсимон модда, электрон тарози топилди. Суриштирувларда у буларни белгиланган манзилларга элтиб, хуфия жойларга жойлаштириб келиш вазифасини олганлигини айтди.

— Ўзига тўқ оиланинг фарзанди, нуфузли институтларнинг бири талабаси бўлган Шоҳруҳбек ҳашамат, тенгдошларидан устун бўлишдек кибрга берилгани оқибатида жиноятга қўл урди, — дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Бахрон Каримов. – Бойлик ўз ўзидан, осонгина келмаслиги, узоқ, машаққатли ҳалол меҳнат орқали келишига сабр қилмаган йигит ўз умрининг шунча йили бесамар ва афсус-надоматда ўтиши ҳақида ўйлаб кўрса керак, энди.
Қиссадан ҳисса: текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади, дейишади. Тез ва тер тўкмай бойиш ниятида бўлганлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришса, ўзлари учун кони фойда бўларди.

Барча янгиликлар

Text to speech