26 Сентябр 2025 йил 535

Талаба-ёшлар огоҳликка чақирилмоқда

Маълумки, сўнгги вақтларда гиёҳвандлик моддалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг турли йўллар, чунончи ижтимоий тармоқларда мўмай даромад ваъда қилиш орқали уларни тарқатиш, истеъмол қилишга даъват этувчи, диний экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи ҳавола ва контентлар кўпайиб бормоқда. Ачинарлиси, нопок кимсалар томонидан устомонлик билан тўқилаётган тўрга ёшлар алданиб, ўз ҳаётлари, бахтли келажагини хавф-хатарга қўйиб, тушмоқда. Ҳали онгу шуури тўлиқ шаклланиб улгурмаган, қатъий ҳаётий тажриба ва билимларга эга бўлмаган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, зарарли ҳатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, огоҳлантириш борасида пойтахт ИИББ томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан навбатдагиси Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғи Отабек Хаджаев ва бошқа мутасаддилар томонидан туманда жойлашган Амалий фанлар университети ҳамда Фармацевтика институти талаба-ёшлари иштирокида бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган суҳбатларда талаба-ёшлар орасида содир этилаётган жиноятчилик, гиёҳвандлик ва психотроп дори воситаларининг тарқалиши, истеъмолининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлардаги турли диний экстремистик ғояларга қарши ҳимоя иммунитетини ҳосил қилиш, шунингдек ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга урғу берилиб, фойдали машғулотларга даъват этилди. Маърузаларни катта қизиқиш ва диққат билан тинглаган талабалар ўз қизиқтирган саволларига масъуллардан батафсил жавоблар олишди. Бу каби тадбирлар пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалари томонидан жойларда изчил давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech