12 Ноябр 2025 йил 213

Суднинг қора курсиси совумай...

Одатда оилали кишилар ўз оилалари, фарзандларининг ютуқлари, хулқи, соғлиғи, рўзғор ва тирикчилик ташвиш-қувончлари ҳақида суҳбатлашишади. Аммо маҳбусликда танишган икки жиноятчининг боши бирлашди дегунча, суҳбатлари айланиб, қандай қилиб ишламай пул топишга тақалаверади. Бу иккиси ким ўзи? Бири Мурод – икки фарзандннг отаси, муқаддам фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари учун олти марта суднинг қора курсисида ўтириб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Ўта хавфли рецидивист тамғаси урилган. Иккинчиси Ролан – бир фарзанднинг отаси, муқаддам фирибгарлик ва ўғирлик жинояти учун уч марта судланган. Бироқ на униси, на буниси қилмишларидан тегишли хулоса чиқармаган. Улар бири чироқ, бири пилик бўлиб ўзаро жиноий тил бириктириб, режа туздилар. 2024 йилнинг 10 январь куни соат 10.30 ларда узун-қисқа бўлиб Бектемир туманида жойлашган банкларнинг бирида куймалана бошлашди. Ўғирлик ва фирибгарликнинг ҳадисини олган ҳамтовоқларнинг қўйган тузоғига Б.Беҳзод илинди. 700 АҚШ долларини сўмга айирбошлаш мақсадида келган Беҳзодни иккиси ўртага олиб, илондай авраб 8.715.000 сўм беришга кўндиришди. Улар Беҳзоднинг кўз ўнгида пулни санаб қўлига тутқаздилар. Бироқ бир оздан кейин Беҳзоднинг ўзи санаганда пулнинг деярли ярми, яъни 4.000.000 сўм кам чиқди. Пулнинг қолганини сўрашга чоғланган Беҳзод ҳожатбарорларни тополмай қолди. Чунки улар аллақачон жуфтакни ростлашганди. У вақтни бой бермай ички ишлар органларига мурожаат қилди. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ сайёр суд мажлисида 1981 йилда туғилган, хавфли рецидивист бўлган А.Муроднинг қилмишларини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима тайинлаб, 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.
Унинг жиноий шериги 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган Г.Ролан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилди. Унинг қилмишига чин дилдан пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари Бектемир тумани ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Алишер Эргашевнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech