Соҳа фидойилари: «КЎЗЛАРИДА МАМНУНИЯТ КЎРСАНГ, барча қийинчиликлар унут бўлади»
Подполковник Нодира Тулабоева Тошкент шаҳар ИИББ Ташкилий бошқармасининг мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритади. Таъбир жоиз бўлса, унинг қўли-қўлига тегмайди. Чунки жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларни ўз вақтида, қонуний ҳал этиш масаласи бугуннинг энг долзарб масаласи. Унинг таъкидлашича, жорий йил бошидан шу кунга қадар Тошкент шаҳар ИИББ идора ва тизимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 48 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг 72,3 фоизи ижобий ҳал этилган, қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ҳал этилиши юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳолининг ҳуқуқий онги тобора ошмоқда. Давр талабидан келиб чиқиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш чоралари кўриляпти. Сансалорлик, расмиятчилик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўймаслик учун барча ички ишлар органларининг раҳбарлари маҳаллаларда оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиши амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Хусусан, ИИББ бошлиғи ўтказган сайёр қабулларда барча сектор, соҳавий хизмат ва корхона раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишда камарбаста бўлишмоқда. – Сайёр қабулларда бевосита иштирок этиш жараёнида турли хил воқеалар, фуқароларнинг дарди-ташвиши ва муаммолари билан юзма-юз келамиз, – дейди подполковник Н.Тулабоева. Чет эл фуқаролари ҳам ўз мурожаатлари билан илинж истаб келишади. Жумладан, Буркино Фасо Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасида 2020 йилдан бошлаб 3 та компанияга асос солганлиги, охирги пайтларда фирибгар тузоғига учраб, паспорт ҳамда пулларини олдириб қўйганлиги бўйича шикоят қилиб келди. Бу масала Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ўрганилиб, муаммоси тез орада ҳал этиб берилди. Яна бир ҳолат. Фуқаро Х. Б. Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, олдин Чилонзор туманида истиқомат қилганлигини, аммо уни рўйхатдан чиқартириб, уйсиз қолдиришганлигини маълум қилди. Ушбу мурожаат Чилонзор тумани ҳокими ҳамкорлигида ўрганилиб, унга яшаш учун уй ажратилди, доимий рўйхатга қўйилди. Мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилаётган, дарди тингланиб, муаммоси ҳал қилинаётган фуқароларнинг кўзларида мамнуният акс этаётганлиги юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг нақадар инсонпарвар эканлигидан далолатдир. Халқ ичига кириб бориб қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб бормоқда. Бу эса юрт тараққиёти йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири. Тошкент шаҳри.