8 Ноябр 2025 йил 362

Инсон саломатлигига бағишланган фидокорона меҳнат рамзи – Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлими учун янги замонавий бино қурилиб, тиббиёт ходимлари куни арафасида фойдаланишга топширилди

Тиббиёт ходимлари куни – бу инсон ҳаёти ва соғлиғи йўлида фидокорона хизмат қилаётган барча соҳа вакилларининг меҳнатини эътироф этиш, уларга ҳурмат ва миннатдорчилик билдириш байрамидир. Ушбу ажойиб сана арафасида Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлимига қўшимча тарзда 4 қаватли бино қурилиши якунига етказилди.

Янги фойдаланишга топширилган бинонинг очилиш маросимида Ички ишлар вазирлиги, пойтахт ички ишлар органлари раҳбарияти, тиббиёт бўлими ходимлари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди.

Юртбошимизнинг инсон манфаатлари, миллат саломатлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган чуқур ислоҳотларининг узвий давоми бўлган бу бунёдкорлик ишлари келгусида Тошкент шаҳрининг осуда ва фаровон ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётган тинчлик посбонларига хизмат кўрсатиши таъкидланди.

Шунингдек тиббиёт ходимлари куни муносабати билан барча соҳа фидойилари муборакбод этилиб, уларнинг бир гуруҳига мукофотлар топширилди.

Бинонинг биринчи қаватида Санитария назорати маркази, иккинчи ва учинчи қаватда ҳарбий тиббий комиссия хоналари, 4 қаватда эса маъмурият ҳамда маърифат зали жойлашган. Ҳар бир хонага энг замонавий тиббий ускуналар, диагностика ва саломатликни юқори аниқликда текширувчи қурилмалар ҳамда бошқа зарурий воситалар ўрнатилган.

Муассасада ҳарбий тиббий кўрикдан ўтадиган ходимларга қулайлик яратиш хамда дори воситалари айланмасини назорат қилиш, касалликлар динамикасини реал вақт режимида кузатиш ва тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш борасида рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шу мақсадда “E-med” комплекс ахборот-таҳлилий тизимни жорий қилиниб, электрон маълумотлар ойнаси орқали ягона манбага киритилиб рақамлаштирилди.

Вазирлик раҳбарияти томонидан мутахассис шифокорлар билан ходимлар учун яратилган бу замонавий шароитлардан унумли фойдаланиш, уларни саломатлигини таъминлаш борасида зарурий чораларни кўриш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ички ишлар органлари тизимида тадбирлар давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech