8 Ноябр 2025 йил 236

Тергов амалиётидан. Севги – алам – тўрт йил қамоқ ...

“Севган қизимга совчи юборсам, совчиларга рад жавобини беришибди. Бундан роса жаҳлим чиқди. Ўқисам, ишласам, ичмасам, чекмасам, ақли-ҳушим жойида бўлса... Мендекларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди-ку, буларнинг нозу фироғига ўламанми?! Бир сираси бориб роса тўполон қилгим келди-ю, аммо зўрға ўзимни босдим. Бироз жаҳлимдан тушиш учун кўчага чиқиб кетдим. Айланиб юрсам, банк олдида турган Lacetti автомашинасига кўзим тушди. Қарасам, эшиклари очиқ. Калити ўт олдиргичда. Хаёлимга бир миниб кўчасидан ўтиб, ўзимни кўрсатиб, ҳаммасини ҳайрон қолдиргим келди”, деб кўрсатма беради тергов жараёнида Маъруфбек.

2024 йилнинг 23 апрель куни соат 15.00 ларга яқин Маъруфбек А.Азизбекка тегишли бўлган Lacetti автомашинасини олиб қочиб, ўзи ёзганидек, “ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб” қизнинг уйи томон ҳайдаб кетаётганида, светофорга тўхтаганда ўйланиб қолди. Қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, автомашинани шу ерда йўл четига қолдириб кетди. Бироқ дарҳол ички ишлар органларига хабар беришга юраги дов бермади. Бўлар иш бўлганди. “Ҳеч нарса қилганим йўқ-ку! Машина бешикаст. Ҳайдаган бўлсам, 2-3 километр ҳайдагандирман”, дея ўзини овутишга тиришди. Бироқ бу ҳаракати жиноят эканлигини англаган сайин юрагига ғулғула туша бошлади. Туни билан қилмишидан афсус-надомат чеккан Маъруфбек ахийри қўрқувини енгиб, тонгги соат 06.30 ларда 102 га қўнғироқ қилишга жазм этди, Lacetti эгаси бу вақтда машинаси олиб қочилганидан бехабар эди. Автомашина бешикаст, безиён эгасига қайтарилди.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган Р.Маъруфбекнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, автомашинани бешикаст эгасига етказганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ушбу жиноят иши тафсилотлари Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Бозоровнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech