Навбатдаги сайёр қабул Юнусобод туманида бўлиб ўтди
Халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қонуний кафолатларини таъминлаш фуқаролик жамиятини яратишнинг пойдеворидир. Мутасадди раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этиш орқали аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, айниқса, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида бартараф этиш юзасидан амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва мутасаддиларининг аҳоли билан ўтказган сайёр қабули ана шу устувор вазифа ижросининг узвий давомидир. Қабул Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топишга қаратилди. Очиқ мулоқот чоғида аҳолининг мурожаатлари ва саволлари тингланди.
Қабул жараёнида турли масалаларда элликдан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 17 таси жойида ижобий ҳал этилди, 5 таси бўйича тушунтириш берилиб, кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 28 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, пойтахтимизнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари ИИО ФМБ Пробация хизмати ҳисобида турган жами 10 нафар фуқаролар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан тегишли тақдимномалар юборилди.
Қабул якунида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 3 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилгани боис, уларга ID карталар топширилди.
Бу каби қабуллар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.