Танишининг уйида меҳмон бўлган Дилшод кўчага чиқди-ю, бошини қашлади. Меҳмон бўлиш яхши, аммо меҳмоннинг иззати уч кун. Бу ёғига нима қилади? Ота-онасидан олган пули жуда тежаса, уч-тўрт кунга аранг етади. Ҳалол меҳнат қилишга унинг фикрича ҳали бор. Ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керак. Иш бўлса қочмайди. “Ишласаммикан, ишламасаммикан”, деган қийин савол ўртасида турган Дилшоднинг кўзи уй йўлаги олдида қаровсиз қолдирилган нархи 1.000.000 сўм бўлган велосипедга тушди. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Қ.Ҳошимжонга тегишли бўлган велосипедни миниб қочди. Бу воқеа 2024 йилнинг 26 июль куни бўлган бўлса, орадан икки кун ўтиб, яъни 28 июлда у Чилонзор тумани 19-мавзесида жойлашган уй олдида қаровсиз қолдириб кетилган М.Маҳмуджонга тегишли, нархи 1.500.000 сўмлик велосипедини ўғирлади. Ўғирланган велосипедларни ўз нархидан арзонига номаълум кимсаларга сотиб юборди. Жавобгарликдан қочиб, тараллабедод қилиб юраман деб ўйлаган Дилшод, унинг уйига келган ички ишлар органлари ходимларини кўриб, ҳаёли пуч ёнғоқ эканлигини англади.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди очиқ суд мажлисида 2006 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бўйдоқ, муқаддам судланмаган Т.Дилшоднинг қилмишларини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми, “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбдор деб топди. Унинг чин юракдан пушаймонлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги инобатга олиниб, икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Дилшод шу муддат ичида ўз саволига жавоб топиши аниқ. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шохруҳ Жуманиязовнинг иш юритувидан олинди.