Ижтимоий тармоқларда аёл болалар майдончасида вояга етмаган болани урганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 28 апрель куни тахминан соат 16.00 ларда Олмазор тумани, Шифокорлар маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлар олдида 1989 йилда туғилган М.А болалар майдончасида унинг фарзанди билан тортишиб қолган вояга етмаган К.М ни урганлиги аниқланган. Натижада жабрланувчи шифохонага мурожаат қилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, оғирлик даражаси бўйича соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.А Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (“Енгил тан жароҳати етказиш”) билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, суд томонидан жарима жазоси тайинланган.