17 Октябр 2025 йил 585

ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти, шунингдек энергетика ва савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар ўрганилди

Хусусан, Юнусобод тумани “Қашқар” маҳалласи, Сайилгоҳ ва Зарафшон кўчалари бўйлаб жойлашган мажмуа пойтахтнинг маданий ва ижтимоий-туристик салоҳиятида муҳим ўрин тутадиган, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун қулай дам олиш ҳамда ижодий муҳит кайфиятини шакллантиришга имкон берадиган масканлигини ҳисобга олган ҳолда, тунги хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Тадбир давомида “Отчопар-2” маҳалласи, Чинобод кўчасида жойлашган “Chinobod Plaza” соғломлаштириш ва дам олиш муассасасида бемор ва меҳмонлар учун яратилган шарт-шароитлар, куз-қиш мавсумида электр энергия билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишини олдини олиш чоралари билан танишилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан туманнинг “Акбаробод” маҳалласида жойлашган “Юнусобод деҳқон бозори” ва “Мегапланет” савдо мажмуаларида тадбиркорлар ва аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда хавфсизлик чораларига эътибор қаратилди, мажмуага бириктирилган ходимларнинг шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди.

Туманнинг “Шарқ Хақиқати” маҳалласида янги топширилган 1-сон Ҳуқуқ тартибот маскани фаолияти билан танишилди. Маскан “Шарқ Ҳақиқати”, “Ҳамкоробод”, “Катта Хасанбой”, “Хасанбой”, “Тикланиш” ва “Исломобод” маҳаллалари ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда тизимли чора-тадбирларни бевосита амалга оширади.

Ҳудуддаги ижобий тажрибаларни бошқа туман ИИБларига татбиқ этиш ҳамда жиноятларнинг сабаб ва омилларини тизимли ва илмий таҳлиллар орқали аниқлаб, келгусида уларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар давомида Мирзо Улуғбек тумани “Шаҳрисабз” маҳалласи ҳудудида ижтимоий-криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш жараёнлари ҳамда маҳалла фаоллари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар аҳволи билан танишилди.

Шунингдек, “Шаҳрисабз” маҳалласидаги Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган 24/7 хизмат кўрсатиш, туристик ва гастрономик кўчасида аҳолига яратилган шарт-шароитлар ҳамда ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга жалб этилган шахсий таркибнинг жанговар ва тезкор шайлиги назорат тариқасида текширилди. Қўриқлаш хизматларининг фаолиятини самарали ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

Тадбир жараёнида асосий эътибор, хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилмоқда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан тунги хавфсизлик чораларини ўрганиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech