Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти, шунингдек аҳолининг турар жой, энергетика ва савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишларни ўрганиш давом этмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимиятида ташкил этилган, пойтахт ҳудудида сиёсий ва маданий тадбирларини ташкил этиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, шунингдек ҳудудни чиқиндилардан тозалаш ва санитар озодаликни таъминлаш бўйича тузилган “Ишчи гуруҳ” фаолияти билан танишилди.
Тадбир давомида, Чилонзор туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Дилобод” маҳалласида жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан ташкил этилган ишлар бўйича маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилиб, “Рақамли хавфсиз Чилонзор“ платформасининг тақдимоти билан танишилди. Жараёнда ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш, хавфсиз муҳит яратиш ҳамда аҳолини долзарб муаммоларини ҳал этиш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Туманнинг “Бешчинор” маҳалласида жойлашган 336-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, иссиқлик ва электр энергия билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишини олдини олиш ва бартараф этиш чоралари ўрганилди.
Шунингдек, “Катта Қозирабод” маҳалласида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан аҳолига сифатли ва фавқулодда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Муассаса биносининг иссиқлик ва электр энергияси билан барқарор таъминланиши, шунингдек, турли носозликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Учтепа туманида олиб борилган ўрганишлар давомида “Гузар” маҳалласида жойлашган “Scopus Mall” замонавий кўнгил очар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари, масканда хизматни ташкил этиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳолати билан танишилди.
Тадбир жараёнида туман ҳудудига хизмат кўрсатувчи “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ 5-сонли иссиқлик маркази фаолияти билан танишиш жараёнида, ижтимоий соҳа объектларини ва аҳоли турар жойларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, аҳолига хизмат кўрсатиш аҳволи ўрганилди ҳамда масъулларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.
“Ширин” маҳалласида жойлашган “Uchtepa-Shirin” Бошқарув сервис компанияси фаолияти, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар-жойларини техник ҳолатини назорат қилиш ва мулкдорларга сифатли сервис ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлар ўрганилди.
Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.