Қарор талаблари юзасидан ўқув семинарлари ўтказилмоқда
Мамлакатимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1 – сон Қарори ўз натижаларини бермоқда. Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан маҳаллаларга масъуллар бириктирилиб, ҳар бирининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Куни кеча Яккасарой тумани ИИО ФМБда шу йўналишда ўқув семинар ташкил этилди. Унда туманда жойлашган меҳмонхона, хостел, меҳмон уйи, даволаш маскани каби хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари, туман ИИО ФМБ масъуллари иштирок этишди. Тадбир жараёнида қайд этилишича, туманда 290 та хизмат кўрсатиш объектлари ўз фаолиятини юритмоқда. Ушбу объектлардаги 98 та кузатув камералари Тошкент шаҳар ИИББ Ягона тезкор бошқарув марказига интеграция қилинган. Камералаштириш ва ташвиш тугмаларини ўрнатиш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бу объектларда жиноятчилик камайишига эришилган. Жумладан, 2025 йилнинг 7 ойи давомида 12 та жиноят қайд этилган бўлса, ўтган йилнинг шу даврида 33 та жиноят содир этилган, жиноятчилик 36,4 фойизга камайган. Учрашувда бу кўрсаткич билан тўхтаб қолмаслик, барча хизмат кўрсатиш объектларини камералаштириш ва барчасига ташвиш тугмаларини ўрнатиш лозимлиги, бунинг натижасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш имкони яратилиши тушунтирилди. Шунингдек, сўзга чиққан мутасаддилар туманда ташкил этилаётган оилавий меҳмон уйлар сони ортиб бораётганини. бу эса пойтахтимизга ташриф буюраётган туристлар сони ортаётгани ва улар истиқомат қилишлари учун қулай нархлардаги имкониятлар яратилаётганлигини таъкидлашди. Йиғилиш қатнашчиларига оилавий меҳмонхоналар ташкил этишнинг қонуний асослари ва талаблари тушунтирилди. Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллардан жавоблар олишди.