Гиёҳвандлик воситаларини харид қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади
Гиёҳвандлик - ёш авлод келажагига рахна солувчи, тақдирларни бузадиган, тубсизлик ва ўлимга олиб келувчи ёвузлик.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи, психотроп ҳамда таркибида психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ва уларни олдини олиш борасида доимий кураш олиб борилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув ва Патруль-пост хизмати ходимлари Яшнобод туманида ўтказилган профилактик тадбир давомида, ўзларини шубҳали тутган бир гуруҳ шахсларни пайқаб қолишган. Холислар иштирокидаги текширув натижасида, 20 ёшли Дониёрбек Х., 37 ёшли Нурлан У., 39 ёшли Ойбек З. ва яна бир неча фуқаролар ёнида пакетчаларга жойланган ўткир ҳидли, кўк рангли моддалар борлиги аниқланган.
Вазиятга ойдинлик киритиш чоғида, гумонланувчилар ушбу моддаларни телеграм-канал орқали 300.000 сўмга буюртма қилиб, “закладка”нинг манзилини олганликларини маълум қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.