30 Январ 2026 йил 2383

“Профилактика куни” тадбирлари Президент топшириқлари ижросига қаратилди

Навбатдаги “Профилактика куни” тадбирларида ходимлар олдига кўплаб долзарб вазифалар қўйилди. Хусусан, куни кеча Президентимиз раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган намунавий амалиётни яратиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига берилган танқидий баҳо, қайд этилган камчиликларга эътибор қаратилди. Юртимиз раҳбари томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги камчиликларни чуқур таҳлил этиш орқали пойтахт ҳудудида хавфсиз муҳитни шакллантириш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида янгича ёндашув ва сафарбарлик талаб қилиниши таъкидланди. Президентимиз кўрсатиб ўтган тўртта таҳдид – уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт соҳасидаги салбий ҳолатларга қарши кураш борасидаги ишларни жадаллаштиришни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Юртбошимизнинг “Одамлар хотиржам, тинч яшаши учун хавфсизликни таъминлашимиз, жиноятчиликни олдини олишимиз керак”, деган сўзлари ҳар бир ИИО ходимларига эслатиб ўтилди. Давлат раҳбари томонидан 2025 йилнинг 3 январида, жорий йилнинг 5 январида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги қарорлари, шунингдек, 2025 йил 3 ноябрида имзолаган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асрашга қаратилган фармонлари ҳам эслатилиб, кун тартибида ҳамон долзарблигини йўқотмагани, ижросини самарали таъминлаш жараёнларига урғу берилди. Бу борада маҳаллалар, корхона, ташкилот, ўқув муассасаларида профилактик-тушунтириш ишлари, Пробация ҳамда профилактика хизмати рўйхатларида турувчи шахслар, уюшмаган ёшлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган аёллар билан суҳбатлар ўтказилди. Муқаддам судланганлар иштирокида қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалалар амалга оширилмоқда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу иллатдан асраш борасида қатор тарғибот, тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари, айниқса, кибермаконда болаларга бепул бонуслар ва ўйинлар валютаси ваъда қилиниши оқибатида ғараз кимсаларнинг жиноий тузоғига тушиб қолмасликлари учун ота-оналарга болалар билан интернет хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш тавсия этилди. Хусусан, туманлар ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари изланмоқда. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилиб, таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Аҳолининг мурожаатларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида туман ИИО ФМБ бошлиқлари томонидан сайёр қабуллар ўтказилди.

Пойтахт ҳудудидаги тарғибот жараёнларида асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланиб, жамият билан давлат органларининг ҳамкорлигигина кўзда тутилган мақсадларнинг амалга ошишида ёрдам бериши тушунтирилди.

Барча янгиликлар

Text to speech