Президент фармони ижроси юзасидан учрашувлар давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрь кунидаги “Aҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-207-сонли Фармони жамиятимиздаги энг оғриқли иллатга барҳам беришда муҳим қадам бўлди. Фармон ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш мақсадида ИИВ томонидан жорий йилнинг 20 ноябрь кунидан бошлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди. Ойлик доирасида гиёҳвандликка қарши курашиш тадбирларини жадаллаштириш, гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги ва миллат генофондига салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Сергели туманида туман ҳокими ва ИИО ФМБ бошлиғи бошчилигида ўтказилган йиғилишда соҳа мутасаддилари, маҳалла раислари, ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари иштирок етди. Йиғилиш давомида ҳудудларда гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги вазият батафсил кўриб чиқилди. Масъул ходимларга тартибни кучайтириш, назоратни изчил олиб бориш ва профилактика ишлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, хавф-хатарлардан огоҳ этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Шу каби тадбир Олмазор туманидаги Тошкент ёшлар марказида ҳам бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ва бошқа мутасаддилар иштирок этган мазкур учрашувда талабаларга гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг зарари, инсон онгига салбий таъсири, бундай ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди. Учрашув сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олишди.
Президент фармонининг мазмун моҳияти, унинг долзарб вазифаларни ижро этишга қаратилганлиги юзасидан тарғибот ишлари мактабларда ҳам олиб борилмоқда. Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ раҳбарияти иштирокида ўтказилган учрашувларда ўқувчиларга тушунарли шаклда тарғибот ишлари олиб борилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган ушбу учрашувлар ўқувчиларнинг билим савиясини оширишга, ҳуқуқий онгини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида давом этмоқда.