Кун тартибида – маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026-йилдаги вазифалар.
Давлатимиз раҳбари бу йўналишда барча зарур молиявий ва ташкилий масалалар ҳал қилиб берилганини таъкидлади.
Жумладан, пастда ишларни тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди.
“Энди вазирлар, ҳокимлар, раҳбарлар ўзига савол берсин: шунча яратилган шароитдан, имкониятдан қай даражада фойдаланяпти? Нима натижа қиляпти? Ислоҳотларимиз натижаси ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга кириб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қиляпти?
Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр турсин. Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан”,
– деди Президентимиз.
Жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган).
Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашди.
Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда (ўтган йили 8,9 фоиз бўлган).
Шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискентда камбағал оилалар сони 4,5 баробаргача камайди.
Илгари қийин аҳволда бўлган 105 минг оила даромад кўришни бошлади, камбағал оилаларнинг ўртача даромади йил бошига нисбатан 2 баробарга ошди.
Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
Давлатимиз раҳбари Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этди. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилган.
Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинди, 47 та корхона ишга туширилди, 300 та сервис объектида 1 минг нафар одам ишли бўлди, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилди, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлди.
Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.
Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.
Ёки Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.
Шу боис, Денов тумани ҳокими И.Аброров, унинг биринчи ўринбосари Sh.Toърақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф.Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашев ишдан олиниши белгиланди.
Айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.
Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та - Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилди.
Маҳаллаларга яхши лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун банкирлар бириктирилган.
Лекин, айрим туман банкирлари давлатнинг арзон ресурсини самарасиз лойиҳаларга бериб юбораётгани танқид қилинди.
Мутасаддиларга маҳаллаларга тушиб, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, соҳада назорат ва интизомни кучайтириш топширилди.
Умуман, камбағалликни қисқартириш ва бандлик режаларини бажаришдаги масъулиятсизлик учун йил бошидан 261 нафар масъул ишдан олингани, яна 492 нафарига интизомий жазо берилгани маълум қилинди.
“Эҳтиёжманд оилаларнинг энг оғир қатлами қолди. Бундай 400 минг оилани камбағалликдан чиқариш учун вилоят, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, бандлик, банк раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ўзини дунёқараши ва иш услубини ўзгартириши керак”,
– деди давлатимиз раҳбари.
Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши қайд этилди.
Кейинги йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.
Президентимиз келгуси йил учун вазифаларни белгилаб берди.
Биринчи йўналиш – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.
Келгуси йилда мамлакатимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келади.
Келгуси йилда 140 минг хонадонли кўп қаватли уй-жой қуриш мақсад қилинган.
Ҳар бир ҳоким бундан самарали фойдаланиб, қурилиш соҳасининг ўзидан камида 20-25 минг, яратилган инфратузилма орқали 10 минг кишини бандлигини таъминлаши мумкинлиги қайд этилди.
Энг катта янгилик – 2026-йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади.
Лекин бу маблағ ҳамма туманга тенг тақсимланмайди.
Чунки, Дўстлик туманида берилган 5 миллиард сўм мақсадли ишлатилиб, Чинобод маҳалласидаги 2 километрли кўчанинг инфратузилмаси яхшиланди, кун-у тун ишлайдиган масканга айлантирилди. Ишнинг самараси кўрингани сабабли туманга яна 10 миллиард сўм ажратилган эди, кўчага туташган дарё бўйи ободонлаштирилди, савдо-сервис учун қўшимча жой очилди. Натижада 130 та янги тадбиркор иш бошлаб, 700 нафар одамни банд қилди.
Лекин худди шундай “драйвер” лойиҳалар учун маблағ олган Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб, Тошкент туманларида ҳали натижа кўрингани йўқ.
“Энди қайси ҳоким тез ҳаракат қилиб, аниқ лойиҳа асосида натижа кўрсатса, ўша туман кўп маблағ олади”,
– деди Президент.
Вилоят ҳокимларига иш ўрни яратиш ва камбағалликни қисқартиришга катта туртки берадиган лойиҳаларни саралаб, барча тайёргарликни шу йилнинг ўзида охирига етказиш топширилди.
Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.
Мамлакатимизда энг юқори ўсиш суръатини таъминлаётган соҳа хизматлар соҳаси экани таъкидланди.
Лекин вилоят, туман ҳокимлари хизматлар соҳасига катта суръат бераётган туризмни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш имкониятларини тўлиқ ишга солмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкин.
Шу боис, келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади.
Вилоят, туман ҳокимлари, Туризм қўмитасига йил якунигача барча маҳаллалар учун мастер режа қилиш, ер аукционлари ва лойиҳаларни тадбиркорларга эълон қилиб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди.
Туман банклари бу жойларда меҳмон уйлари барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.
Чегара ва анклав ҳудудлардаги 563 та маҳаллага туман ҳокимлари етарли эътибор қаратмаётгани қайд этилди.
У ерларга олиб борувчи йўллар таъмирланиб, меҳмон уйлари, дам олиш маскани, савдо-сервис объектлари ташкил қилинса, 50 минг хонадоннинг даромади кўпаяди.
Масалан, Сўх дарёсининг Сариканда, Ровон, Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтган 5 километр қисмида курорт зона ва кўнгилочар маскан ташкил қилинса, йилига 30 минг сайёҳ келади. Бунинг ҳисобига 200 та оиланинг даромади ошади.
Агар ҳар бир ҳоким 563 та маҳаллада ишни шу тартибда йўлга қўйиб, камида 100 минг одамни банд қилса, 25 минг оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлиги қайд этилди.
Умуман, келгуси йилда бу маҳаллалардаги аҳоли турмушида вазият кескин ўзгариши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу маҳаллаларда дам олиш ва сервис объектларини қуриш лойиҳалари учун 1 триллион сўм ресурс ажратиш топширилди.
Соҳил ва йўл бўйида сервисни ривожлантириш бўйича 500 та маҳалла танлаб олинган.
Вилоят ҳокимларига ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш, ариқ ва зовурларни ёпиқ тизимга ўтказиб, канал қирғоқлари ва йўл четини текислаб, тадбиркорлик лойиҳалари учун шароит яратиш топширилди.
Туман банклари бу жойларда камида 5 та доимий иш ўрни яратадиган лойиҳаларга 1 миллиард сўмгача кредит беришни йўлга қўяди.
Келаси йилда бу лойиҳалар ҳисобига 50 минг одамни доимий даромадли қилиш муҳим экани қайд этилди.
Аҳолининг даромади ошиши билан овқатланиш, туризм, савдо хизматларига талаб кўпайиб, шу йилнинг ўзида 255 та тун-у кун ишлайдиган кўча ишга тушди. Уларда 11 минг хизмат кўрсатиш объектлари иш бошлади, 27 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.
Ҳокимлар келгуси йилда бунга қўшимча 1 мингта маҳаллани боғлайдиган яна 200 та кўчани ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан.
Бир ойда аниқ “йўл харитаси”ни тузиб, ишни бошлаб юборган ҳокимларга ҳар бир кўча учун 4 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланди. Буни ҳисобидан 25 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда овқатланиш, савдо ва сервис соҳасида ўзининг брендини яратган корхоналар бутун республика бўйича 100-150 тадан савдо нуқтасини очиб, камида 3-5 мингта иш ўрни яратиш ташаббусини билдирган эди.
Вилоят ҳокимликларига миллий брендларнинг жойларда филиал ташкил этиш бўйича лойиҳаларига кўмаклашиш топширилди.
Агар брендлар янги очиладиган филиал учун ходимларни ўзим ўқитаман, деса, бунинг харажати Бандлик жамғармасидан қоплаб берилади.
Филиалини кўпайтириш истагидаги брендлар учун янги молиявий инструментлар жорий қилиниб, 2026-йилда бунга 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш.
Келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган.
Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.
Ғиждувон тажрибаси асосида ҳозирда 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр.
Шу муносабат билан туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та “микросаноат маркази”ни ишга тушириш, банклар билан биргаликда камида 800 миллиард сўмлик 1,5 минг кичик саноат лойиҳасини амалга ошириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди.
Бу марказларнинг инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм ажратилади.
Тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини ошириш.
Камбағалликни қисқартиришда аҳолига 232 минг гектар ер бўлиб берилгани натижасида 770 минг одам даромад манбаига эга бўлди.
Лекин тажрибаси етишмагани, сифатли уруғ, маҳсулотига бозор топишга қийналгани учун уларнинг учдан бирида даромад кам.
Томорқа эгаларига серҳосил уруғни танлаш, ишни тўғри ташкил этиш орқали ердан даромадни кескин оширишни ўргатиш мақсадида Термиз туманида Томорқа мактаби ташкил қилинди.
Ушбу мактабда томорқага илм билан ёндашиб, бир йилда Сурхондарё шароитида 5 мартагача экин экиш ўргатиляпти. 3 минг нафар эҳтиёжманд аҳоли цитрус мева, анжир, хурмо, гул етиштириш бўйича махсус курсларда ўқитилди.
Агар бу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинса, маҳсулот етиштириш ҳам, экспорт ҳам, асосийси, деҳқонларнинг даромади ҳам 4-5 карра кўпаяди.
Шу боис, ҳар бир вилоятда камида 5 тадан бундай мактабларни ташкил қилиб, ижарага ер олган одамларни сердаромад экин экишга ўргатиш топширилди. Деҳқонлар ижарага олган ерида етиштирган маҳсулотни кафолатли сотиши учун “Экспортчи кооперативлари” ташкил қилинади.
Келгуси йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқатни экспорт қилиш бўйича 4 миллиард долларлик марра белгиланган.
Бу борада мева-сабзавотга ихтисослашган 1 мингта маҳаллада ишга солинмаган катта захира борлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, “Қўшработ агростар” компанияси масъул бўлган Самарқанд ва Навоийдаги 84 та маҳалла майиз ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 5 миллион доллар инвестиция киритилиб, Қўшработ туманида майизни саралаш, сақлаш, қадоқлашга ихтисослашган замонавий агрокомплекс ташкил этилмоқда.
Қолган 15 та "Агростар" компанияси ҳам шундай ишласа, 1 мингта ихтисослашган маҳалланинг ўзидан 500 миллион доллар экспорт, қўшимча 100 минг одамни даромадли қилиш мумкин.
Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ҳокимларига банклар билан ҳамкорликда ўз ҳудудида "Агростар" компанияларини ташкил қилиш топширилди.
Бешинчи йўналиш – эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
“Ҳамма эшитиб олсин, бундан буён даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестрида бўлмайди. Уларни қўллаб-қувватлашни давлат зиммасига олади”,
– деди Президентимиз.
Янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади.
Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бу вазифалар устидан назорат ҳамда вилоят ҳокимлари билан ижросини ташкил қилиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Иш ўринларини “соядан чиқариш” масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, солиқ инспектори тушунтириш ишларини олиб бориши, манзилли ишлаб, келаси йилда камида 250 мингта ходимни легаллаштириши муҳимлиги қайд этилди.
Яқинда ижтимоий суғурта бўйича имзоланган фармонга мувофиқ, хусусий сектордаги ишчиларга ҳам касаллик ва декрет пулини давлат тўлаб беради.
Бу ҳам “соядан чиқиб”, расмий ишлаш учун катта туртки бўладиган муҳим механизм экани таъкидланди.
Шу боис, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вилоят ҳокимларига бу тизимни самарали ишлатиб, келгуси йилда 100 минг, 2027-йилда яна 200 минг иш ўрнини “соядан чиқариш” чораларини кўриш топширилди.
“Умуман, маҳалладаги одамлар қачон пул келиши, қанақа ўзгаришлар бўлиши, қанча иш ўрни яратилиб, қанча оиланинг даромади ошишини билиши керак”,
– деди Президентимиз.
Шу боис, мутасаддиларга бу ишларни назорат қиладиган онлайн платформани ишга тушириш топширилди.
“2026-йилда лойиҳавий ёндашув асосида ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш” бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.
“Яна бир марта такрорлайман, улкан мақсадларни маблағи билан бошлаяпмиз. Вазирлар, уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, вилоят ва туман ҳокимлари, энг асосийси, “маҳалла еттилиги” ишга қаттиқ киришмаса, ўзгариш бўлмайди”,
– деди давлатимиз раҳбари.
Бош вазирга бугунги топшириқларни вазир ва ҳокимларга 2026-йил учун самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) сифатида белгилаб бериш топширилди.
Йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.